Жаҳон | 11:00 / 08.10.2024
2347
3 дақиқада ўқилади

Словакия бош вазири Украинанинг Евроиттифоққа киришини қўллаб-қувватлашини билдирди

Словакия Украинанинг Европа Иттифоқига қабул қилинишини «сўзсиз» қўллаб-қувватлайди, деди Роберт Фицо Ужгородда Денис Шмиҳал билан учрашувда.

Фото: X / Denys_Shmyhal

Словакия бош вазири Роберт Фицо 7 октябр, душанба куни Украина ғарбидаги Ужгородда украиналик ҳамкасби Денис Шмиҳал билан учрашди. Учрашувда энергия хавфсизлиги, инфратузилма лойиҳалари соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский Швейцариядаги саммитда тақдим этган «тинчлик режаси»ни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Роберт Фицонинг айтишича, Словакия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишини «сўзсиз» қўллаб-қувватлайди. Бош вазирнинг сўзларига кўра, Братислава интеграция жараёнига ҳеч қандай тўсиқ қўймайди. Шу билан бирга, бу Украинанинг НАТОга потенциал киришига тааллуқли эмас, деди Фицо. «Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақида гап кетганда, биз ўзимизни тийиб турибмиз, аммо Европа Иттифоқи мисолида юз фоиз сиз томондамиз», деб таъкидлади у.

Бир кун аввал Фицо STVR телеканалига берган интервюсида Словакия бош вазири лавозимини эгаллаб турган пайтда Украинанинг НАТО аъзолигига рози бўлмаслигини айтди. Сиёсатчининг фикрича, Украинадаги уруш «русларни тиз чўктириш» учун «Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётгани» учунгина давом этмоқда. Шунингдек, у 2025 йилда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан Москвага ташриф буюришни режалаштираётганини айтди.

Фицо урушдан кейин РФ билан муносабатларни тиклашни ёқлаб чиқди

Агар Украинадаги уруш Словакиянинг амалдаги ҳукумати мандати давомида, яъни 2027 йилгача якунланса, бу ЕИ мамлакати бош вазири Роберт Фицо Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги «иқтисодий ва нормал» муносабатларни тиклаш учун ҳамма нарсани қилиш ниятида. Фицонинг Словакия ва Украина ҳукуматлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар арафасида берган бу баёноти ҳақида 3 октябр куни Aktuality интернет нашри хабар берди.

«Европа Иттифоқига Россия Федерацияси керак, Россия Федерациясига, албатта, Европа Иттифоқи керак», деди Словакия бош вазири ҳукмрон коалициядаги партиялар вакиллари билан биргаликда матбуот анжуманида.

Мавзуга оид