“Милтон” тўфони Флориданинг марказий ғарбий қирғоғида, Сарасота шаҳри яқинидаги Сиеста-Ки ороли ҳудудида қуруқликка чиқди. Бу ҳақда АҚШ довулларни ўрганиш миллий маркази хабар берди.

Сўнгги соатларда Флориданинг қирғоқ бўйидаги шаҳарларидан океан сатҳининг тез кўтарилаётгани ҳақида хабарлар кела бошлади. “Милтон”нинг таъсир доирасидаги кўплаб аҳоли пунктлари паст қирғоқда жойлашгани сабабли бўрон уларга нафақат кучли шамоллар, балки цунами каби ҳалокатли сув тошқини хавфини ҳам туғдирмоқда.

Фото: Reuters

Флорида губернатори Рон де Сантис жорий вазият бўйича брифинг ўтказиб, “Милтон” қирғоққа чиққанини эълон қилди. У довулнинг асосий зарбасидан олдин штатда камида 19 та торнадо қайд этилганини маълум қилди.

Қурбонлар қайд этилди

Флориданинг шарқий соҳилидаги Сент-Люси округида ҳалок бўлганларнинг жасадлари топилгани маълум қилинди. Бу ҳақда CNN маҳаллий шериф Кит Пирсонга таяниб хабар бермоқда.

Фото: Bloomberg

“Аниқ рақамни айтмаймиз, аммо шуни таъкидлашим мумкинки, аллақачон бир нечта марҳумнинг жасадини топдик”, — дея унинг сўзларини келтирди телеканал. Шунингдек, шериф минтақадаги юзлаб уйлар “бутунлай вайрон бўлгани”ни айтди.

Флоридада ярим миллион истеъмолчи электр таъминотисиз қолди

“Милтон” Флоридага асосий зарбани бермасдан олдин, унинг атрофидаги кучли шамоллар, торнадо ва жала бутун штат бўйлаб юз минглаб абонентларни электр энергиясидан маҳрум қилди.

PowerOutage.us хизмати хабар беришича, Флорида штатининг турли округларида 500 мингга яқин уй ва компаниялар электр таъминотидан узилган.