Жаҳон | 15:30 / 11.10.2024
5045
3 дақиқада ўқилади

Украиналик журналист қиз Россия асирлигида вафот этди

Украина разведкаси Россияда сақлаб турилган 27 ёшли журналист Виктория Рошчинанинг ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Бош разведка бошқармаси уни алмашишга тайёргарлик кўрилганини билдирди.

Фото: Facebook

2023 йил август ойида босиб олинган ҳудудда ғойиб бўлган, кейин эса Россия Федерациясида гаровда ушлаб турилган украиналик мустақил журналист Виктория Рошчина вафот этди. Бу маълумотни 10 октябр, пайшанба куни Ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб спикери Петр Яценко тасдиқлади.

«Афсуски, Викториянинг ўлими ҳақидаги маълумот тасдиқланди ва биз учун бу жуда қайғули хабар, унинг ўлими ҳолатлари ҳақида гапиришга ҳали эрта», — деди у «Единые новости» миллий телемарафон эфирида.

Аввалроқ журналистнинг оиласига Россия Мудофаа вазирлигидан унинг 19 сентябр куни – Таганрогдан Москвага олиб кетилаётгани вафот этгани ҳақида хат келган.

6 октябр куни Рошчина 28 ёшга тўлган бўларди.

ГУР: Рошчина алмашинув доирасида қайтарилиши керак эди

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) вакили Андрей Юсов «Суспільне» телеканалига берган изоҳида, журналистни алмашиш доирасида Украинага қайтиши Россия Федерацияси билан келишиб олинганини айтди.

«Охирги маълумотларга кўра, у яқин кунларда уйига қайтишга тайёргарлик кўриш учун Лефортово тергов изоляторига ўтказилган», — деди у.

Россиядаги асирлик

2022 йил феврал ойидан бошлаб Рошчина Украина шарқи ва жанубидаги ҳарбий амалиётлар ҳақидаги материалларни чоп этиб келган. Хусусан, босиб олинган Энергодардан Россия кучлари томонидан Европадаги энг йирик атом электр станция эгаллаб олингани ва Гуляйполдан ​​доимий бомбардимон остида ҳаёт ҳақида репортажлар берган. У бир қатор Украина оммавий ахборот воситалари — «Суспільне» ва «Украинская правда» билан ҳамкорлик қилган. 2022 йилда у Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ҳақидаги репортажи учун Халқаро аёллар медиа жамғармасининг «Журналистикадаги жасорат» мукофотига сазовор бўлди.

Рошчина бир неча бор рус ҳарбийлари томонидан қўлга олинган. 2022 йил 11 мартда у Мариуполга кетаётганида жосусликда айбланиб, ФСБ ходимлари томонидан ушланди. Журналист 10 кун ушлаб турилган, аммо кейин асирга олинган рус аскарларига алмаштирилган. Шундан сўнг, Рошчина ўз она шаҳри Запорижжяга қайтиб келди ва Украина назорати остидаги ҳудудда ишлашни давом эттирди.

2023 йилнинг ёзида у Россия орқали Украина шарқидаги эгаллаб олинган ҳудудларга бориш учун Украинадан Полшага йўл олди. Журналист у ерда ғойиб бўлди ва 2024 йил май ойида Россия Мудофаа вазирлиги унинг қўлга олингани ҳамда Россия ҳудудида эканлигини тасдиқлади. Кейинчалик Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Рошчина гаровда сақланаётганини тасдиқлади, аммо у билан боғланиш имкони бўлмади.

Мавзуга оид