Куни кеча “Милтон” тўфони содир бўлган Флорида штатининг Орландо шаҳрида минглаб ўзбекистонлик оилалар истиқомат қилади. Kun.uz мухбири билан гаплашган Соҳиб Аббосхон бу каби тўфонлар Атлантика қирғоқларида ҳар йили бўлишини айтди. Унга кўра, бу сафар табиий офатнинг кучи кутилганидан анча кам бўлган, асосан Флориданинг соҳил бўйидаги ҳудудлари жабрланган.

Жорий йил 9 октябрдан 10 октябрга ўтар кечаси АҚШ жануби-шарқига ёпирилган “Милтон” тўфони Флориданинг марказий қисми бўйлаб ўтди. Натижада торнадо ҳодисалари, кучли ёмғирлар оқибатида ўнлаб уйларни вайрон қилди, миллионлаб хонадон ва корхоналар электр таъминотидан узилган. “Милтон” бешинчи тоифали тўфон сифатида бошланганди, аммо қуруқликка етиб келганида метеорологлар унинг даражасини қуйироққа туширди. Ҳозирда тўфон аллақачон океанга ўтиб, тарқаб кетиб бўлди.

Kun.uz мухбири Флорида штатининг энг кўп ўзбекистонликлар яшайдиган Орландо шаҳридаги юртдошимиз Соҳиб Аббосхон билан боғланиб, табиий офат ҳақида гаплашди.

Қанча вақтдан буён АҚШда яшайсиз? Бу каби тўфон, торнадолар каби табиат ҳодисалари АҚШда, айниқса, океанлар бўйида жойлашган штатларда қанчалик тез бўлади, бунга аҳолининг, жамиятнинг муносабати қандай? Одамларда қўрқув бўладими?

– Деярли 8 йилдан буён Қўшма Штатлардаман, Флорида штатига кўчиб келганимга 4 йилдан ошди. Демакки кўпроқ вақтим шу ерда ўтган. Атлантика океанига яқинмиз – 60 мил (96,5 км). Дам олиш кунлари “чорвоққа чиққандек” океанга бориб келамиз.

Бунақа ҳодисалар ҳар йили бўлади, баъзи йилларда 2-3 марта ҳам бўлади. Тўфонларнинг даражалари бор. Масалан, бу “Милтон” тўфонини ҳам бошида юқори – 5 даража деб эълон қилишди. Кейин уни 1-даражага тушириб қўйишди. Лекин барибир одамларни эвакуация қилишди. Мен уйимдан чиқмадим. Кеча кечқурун тўфон бошланганида ҳам танишларимни уйига машина бориб келдим. Орландода бунчалик кучли бўлмади. Пайшанба тонгида бироз кучайди, шамолда кўчадаги баъзи нарсалар ағдарган экан холос.

Бундай табиий офатлар вақтида эвакуация – мажбурий бўладими ёки хоҳлаганлар қолаверадими?

– Ихтиёрий бўлади, лекин бирор нарса бўлса, жавобгарликни ўзидан соқит қилиш учун огоҳлантирилади. Флорида штатининг губернатори Рон ДеСантис ҳам ОАВ орқали, фуқаролардан чиқиб кетишни қаттиқ илтимос қилиб, эълон берди. Чиқиб кетганларнинг кўплиги туфайли йўлларда ҳам катта тирбандликлар бўлди. Лекин булар ҳаммаси ихтиёрий бўлади. Масалан, 2 йил олдин бўлган "Ian" тўфони Орландога кучли таъсир қилган эди. Асосий трассалардан бошқа кичик йўлларни 1 метргача сув босганди. Лекин бу сафар Орландода ҳамма жой қуп-қуруқ, дарахтларнинг баъзи кичик шохлари синган холос. Штатнинг қирғоқ ҳудудларида бир оз талафотлар бўлган, лекин у ҳам кутилганидек жуда катта зарар келтирмаган.