Спорт | 17:18 / 20.10.2024
7064
10 дақиқада ўқилади

Арне Слот рекордларни янгилаш билан старт олди — Клоппдан кейинги «Ливерпул» қандай шаклланмоқда?

«Ливерпул» Арне Слот бошқарувида ҳозирча фақат 10 та учрашув ўтказди, бироқ бошқаларга йиллар ҳам етмаётган бир пайтда нидерландиялик мураббий «қизиллар»ни Премер-лига турнир жадвали карвонбошисига айлантирди. Opta статистик маълумотлар портали янги «Ливерпул»нинг мавсум аввалидаги ўйинларидан таҳлилий рақамларни ҳавола этди.

Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал»нинг сэр Алекс Фергюсон ва Арсен Венгернинг узоқ йиллик бошқарувидан кейин йўлиққан муваффақиятсизликлари сингари, «Ливерпул»га ҳам Юрген Клоппнинг 9 йиллик эрасидан сўнг, турнир жадвалининг юқори қисмидаги ўрнини сақлаб қолиш қийин кечиши тахмин қилинганди.

Аммо мана Арне Слот мерсисайдликлар билан 10 та ўйин ўтказди: клуб Англия лига кубогида 4-босқичда, Чемпионлар лигасининг лига босқичида максимал очко тўплаб турибди ва Англия Премер-лигаси турнир жадвалининг биринчи ўрнида бормоқда. 46 ёшли мутахассис «Ливерпул»даги дастлабки 10 учрашувининг 9 тасида ғалаба қозонган биринчи мураббий бўлди. Умуман, мавсум бошидаги илк 10 ўйинда 9 та ғалабага «Ливерпул» ўз тарихида 3 марта эришган (бундан аввал: 1961/62, 1990/91 йилги мавсумларда).

Ва бу шунчаки бошланиши эканлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Унаи Эмери «Арсенал»даги 10 та учрашувининг 8 тасини ютган эди, кейин эса… «Фейеноорд»нинг собиқ мураббийи учун ҳам бир зумга огоҳликни қўлдан бой бериш мумкин эмас, чунки «Ливерпул» ҳам катта ўзгаришлар арафасида бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, етакчилардан уч нафари: Муҳаммад Салоҳ, Виржил ван Дейк ва Трент Александр-Арнолднинг клуб билан амалдаги шартномалари келгуси йил ёзида якунига етади ва ҳозирча улар билан келишувлар узайтирилиши борасида жиддий гап йўқ.

«Ливерпул»нинг статистикалари мавзусига қайтамиз ва улар айниқса, меҳмондаги учрашувларда ажойиб кўриниш олган, зеро сафардаги учрашувларда «Ливерпул» 100 фоиз натижа қайд этди. Улар орасида «Милан» ва «Манчестер Юнайтед»га қарши катта ўйинларда эришилган ғалабалар ҳам борлиги ушбу натижа қийматини оширади. Солиштириш учун, «Ливерпул» ўтган мавсумда меҳмондаги 19 ўйиннинг фақат 9 тасида ғалабага эриша олган (7 дуранг, 3 мағлубият). «Ливерпул»нинг муваффақиятли старти ҳақидаги рақамларни ўрганишда улар энг қулай тақвим асосида ҳаракат қилганини ёддан чиқармаслик керак: «Ипсвич Таун», «Брентфорд», «Манчестер Юнайтед», «Ноттингҳем Форест», «Борнмут», «Вулверҳемптон» ва «Кристал Пелас».

Муваффақиятнинг асосий сабабларидан бири «Ливерпул»нинг собиқ мураббийи Юрген Клоппнинг услуби янгисиникига жуда ўхшаш бўлганида, дейиш мумкин. Уларнинг ҳар иккиси 4 нафар ҳимоячи билан ҳаракатланади ва қанотда катта масофа босиб ўтиб, рақиб ҳудудига ёриб кириш қобилиятига эга вингерлардан унумли фойдаланади. Яримҳимоядаги услуб бироз фарқ қилса-да, ҳар икки мураббийнинг талаби ҳам марказдаги футболчилардан жамоанинг қолган қисми учун ҳам «қора меҳнат» қилишига асосланади.

TNT Sports каналига мавсум аввалида берган интервюсида Арне Слотнинг ўзи ҳам ушбу масалага тўхталиб ўтганди: «Менимча, сиз ҳам мавсумолди йиғинда ўтказган учрашувларимизда қураётган услубимиз Юрген Клоппникига жуда ўхшаш эканига гувоҳ бўлдингиз. Биз худди Юрген даврида бўлганидек тўпга эгалик қилишни хоҳлаймиз ва тўпсиз ҳаракат қилган вақтимизда интенсив прессинг амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Юрген даврида жамоа тўп билан ҳам жуда интенсив ҳаракат қиларди, лекин мен тўп назорати бизда кўпроқ сақланиб қолинишига қарши эмасман. Балки, Юрген ҳам тўп назоратини ушлаб туришга қарши бўлмагандир, лекин менинг услубимда биз тўпни кўпроқ ўз ихтиёримизда сақлаб туришга уринамиз».

«Ливерпул»нинг мавсум бошидан ҳозиргача бўлган статистикасига қаралса, Арне ваъда қилган ўзгаришларни, дарҳақиқат, пайқаш мумкин. Аммо, лига миқёсида ливерпулликларнинг яна 31 та учрашуви бор ва ҳали кампания якунигача рақамлар ўзгариши мумкин. «Қизиллар» ҳар бир учрашувда 2,0 xG — гол кутилмаси қайд этмоқда ва Клопп даврида фақатгина 2021/22 ва 2023/24 йилги мавсумларда бундан яхшироқ натижа қайд этилган. Ўз навбатида, ўтказиб юборилиши кутилган голлар кўрсаткичи ўтган мавсумдагидан (1,22) сезиларли пасайган — 0,74. Юрген Клоппнинг энг яхши мавсумида ҳам кўрсаткич 0,76 xG’ни ташкил этгани инобатга олинса, ушбу натижани ажойиб дейиш мумкин.

Ваҳоланки, «Ливерпул»нинг xG’даги яхшиланиши зарбалар сони кўпайгани билан боғлиқ эмас. Ўтган мавсумда улар ҳар битта учрашувда ўртача 20,8 тадан зарба берган бўлса, жорий мавсумнинг ҳозиргача бўлган давридаги ўйинларда бу кўрсаткич ўртача 15,3 тани ташкил этмоқда. Клопп сўнгги мавсумида дарвозаси томонга берилган зарбаларнинг ўртача ҳисобини 10,9 тага тушириб, ўз даври рекордини ўрнатганди. Ҳозиргача бўлган даврдаги Арненинг натижаси (9,1) эса бу натижани ҳам яхшиламоқда.

Лекин бир жиҳатдан «Ливерпул»нинг янги мураббийи хоҳлаётган жиҳат статистикада акс этмаяпти, у ҳам бўлса — тўп назорати. Унинг жамоаси ҳар ўйинда ўртача 570,1 тадан узатма амалга оширмоқда ва бу Клопп ушбу клубда тўлиқ мавсум ўтказган исталган мавсумидан паст кўрсаткич. Аммо шунда ҳам ушбу узатмаларнинг аниқлик кўрсаткичи (86,6 фоиз) германиялик ҳамкасби клубда қайд этган барча мавсумлардаги рақамлардан яхшироқ кўриниш олган. «Ливерпул»нинг ўртача 60,3 фоиз тўп назорати клубнинг 2015/16 йилги мавсумдан бери энг ёмон кўрсаткичи, лекин шунда ҳам ушбу статистика бўйича АПЛда «Манчестер Сити» (63,5) ва «Тоттенҳем»дан (62,4) кейинги учинчи поғонани банд этиб турибди.

«Ливерпул»нинг ўйини Юрген даврида ҳужумда хаос юзага келтириш орқали амалга ошириларди, турли позициялар вакиллари ўзаро ўрин алмашиш орқали ҳимояланаётган жамоаларни шошириб қўярди. Энг турфа позицияларда ҳаракат қилувчи футболчи сифатида Трент Александр-Арнолдни кўрсатиш мумкин. Клопп уни яримҳимояда ҳам ўйната бошлаган, ҳужумга қўшилишида анчагина эркинлик берилганди. Ушбу мавсумда эса Слот Трентдан соф ўнг қанот ҳимоячиси ролида фойдаланяпти. Буни унинг ҳар 90 дақиқа ҳисобидан ўртача тўпга тегинишлари фарқидан ҳам пайқаш мумкин. Ўтган мавсумда 90 дақиқада ўртача 100 бор тўпга тегинган футболчининг жорий мавсумдаги тегинишлари сони қарийб 77 тани ташкил этмоқда. Қуйидаги фаол зоналар харитасида унинг бажараётган ишлари кўлами ҳақида ҳам умумий маълумот олиш мумкин:

Бу ташаббус Слот томонидан илгари сурилган, Трентнинг жамоа ўйини қурилишидаги иштироки, аҳамиятини пасайтириш ва миш-мишлари кўпайиб қолган эҳтимолий трансфери ҳолатига тайёрланиш ҳаракати сифатида кўрилиши мумкин.

Ливерпулликлар ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида жами 41 та гол ўтказиб юборганди, Слот билан эса 7 та учрашувда атиги икки бор ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Ундан кейинги энг яхши натижани лигада «Арсенал» ва «Ноттингҳем Форест» (6) қайд этиб турибди.

Хўш, улар тўпсиз қандай ҳаракат қилмоқда? Ахир, биз Клопп жамоасини тўпсиз ўйинда тенгсиз деб билардик. Юргеннинг ассистенти Пеп Лайндерс кўпинча жамоани «прессинг монстрлари» деб аташи бежиз эмасди. Қайд этиш керакки, Слот жамоаси собиқ мураббий давридагидан анча кам агрессия намойиш этмоқда, яъни улар рақиб тўпни қабул қилган заҳоти унга ташланиб, юқори зоналарнинг ўзида уларга босим ўтказмаяпти. Аксинча, янги «Ливерпул»да бу жараён шошмасдан, маълум тартиб асосида амалга ошмоқда. Рақибга «нафас олишга берилаётгани» статистикада ҳам акс этган. Ўтган мавсумда «Ливерпул» тўпни олдириб қўйгач, рақиблари ўртача 8,9 та узатма амалга оширишга муваффақ бўлаётганди. Жорий мавсумнинг ҳозирги вақтгача бўлган қисмида «қизиллар» қайта тўпни ютиб олгунича қарши томон ўртача 10,4 марта пас беришга улгурмоқда. Шунда ҳам Слот жамоаси бу кўрсаткич бўйича лигада тўртинчи ўринда («Тоттенҳем» – 8,0; «Арсенал» – 8,9; «Брайтон» – 9,4).

Бу ерда ҳеч қандай ҳайрон қоладиган жиҳат йўқ: бу — Слотнинг услуби. Ўтган мавсум у бошқарган «Фейеноорд» худди шу статистика бўйича 10,1 кўрсаткич қайд этган. Шунингдек, «Ливерпул» ўтган мавсумдагидан фарқли равишда камроқ ҳисобда ортда қолган ҳолатда ўйнамоқда. Жамоа бу борада ҳам лигада етакчи.

Ўтган мавсум мерсисайдликлар 16 та баҳсда биринчи бўлиб дарвозасидан тўп олиб чиққанди, жорий мавсумда эса 7 та учрашувнинг фақат биттасида шундай вазият кузатилди. Ва ниҳоят, «Ливерпул» футболчилари жорий мавсумда барча дуэллар (елкама-елка кураш)ларнинг ўртача 51,3 фоизида устун келмоқда ва бу Клопп давридаги ҳар қандай мавсумдагидан яхшироқ кўрсаткичдир.

Албатта, юқоридаги барча статистикалар, аввал ҳам таъкидлаб ўтилганидек, кичик давр ичида эришилди ва ушбу натижалар қайд этилган ўйинларда «Ливерпул»нинг тақвими анча қулай эди. Тўйдан олдин ноғора чалиш ниятида эмасмиз, бироқ тан олиш ҳам керакки, мерсисайдликлар янги мураббий қўл остида яхши старт олишди. Олдинда эса мавсумнинг машаққатли қисми кутиб турибди. Унда жароҳатлар, омадсиз ўйинлар, жамоа ичидаги инқирозли вазиятларга дуч келиш ҳолатлари ҳам бўлади. Балки, мавсум давомида буткул бошқа рақамлар акс этган мақола билан яна «Энфилд»га қайтармиз...

Opta маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Мавзуга оид