Ташриф доирасида делегация аъзолари Полшадаги йирик сабзавот етиштирувчи холдинг компания - Green Crops офисида бўлиб, корхонанинг иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Компания директори Адам Ружицки билан ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва маҳаллий ҳўл мева-сабзавотларини Полшага экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув натижасида 2025 йил май-октябр ойларида Полшадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда Ўзбекистоннинг аграр олий таълим муассасалари талабалари учун ҳақ тўланадиган стажировкаларни ташкил этиш борасида аниқ келишувга эришилди. Бу стажировкалар билан боғлиқ барча ҳаражатлар Green Crops компаниясининг махсус грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари Цеханув шаҳридаги Игнаций Мосцицкий номидаги Амалий фанлар университети раҳбарияти билан учрашдилар. Унда Ўзбекистондаги аграр олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида фикр алмашилди.











