Жаҳон | 09:50 / 28.10.2024
5566
3 дақиқада ўқилади

Исроил Эроннинг асосий энергия объектлари атрофидаги ҲҲМни йўқ қилди

Исроилнинг исмини ошкор этмаган расмийлари NYT'га берган интервюсида Исроилнинг дастлабки жавоб режаси Эроннинг ядровий лойиҳаси билан боғлиқ нишонларга зарба беришни ўз ичига олгани ҳақида маълум қилди.

Фото: Majid Asgaripour / West Asia News Agency / Reuters

Исроил Эрондаги муҳим энергия объектлари атрофидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини атайлаб нишонга олди ва уларга тўғридан тўғри зарба беришдан тийилди. Бу ҳақда 26 октябр, шанба куни The New York Times номи ошкор этилмаган Эрон ва Исроил расмийларига таяниб хабар берди.

Эроннинг уч расмийси ва Исроил Мудофаа вазирлигининг уч юқори мартабали мулозимига кўра, Исроил мудофаа кучлари нишонлари Хузистон вилоятидаги Бандар Имом Хомайний нефт-кимё мажмуаси, Бандар Имом Хомайний порти, Абадан нефтни қайта ишлаш заводи, Илам вилоятидаги газ кони ва бошқа ҳаво ҳужумидан мудофаа объектларидан иборат бўлган. 

Эрондаги NYT манбаларининг таъкидлашича, Исроилнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини йўқ қилгани Теҳронда «чуқур хавотир уйғотди», чунки ҳозирда муҳим энергетика объектлари келажакда юзага келиши мумкин бўлган ҳужумлар олдида жуда заиф.

Исроил армияси Эрондаги ҳарбий объектларга зарба берди

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 26 октябрга ўтар кечаси Эрондаги ҳарбий объектларга ҳужум уюштирилгани ҳақида эълон қилди.

«Эрон режимининг Исроил давлатига бир неча ойдан бери давом этаётган ҳужумларига жавобан Исроил мудофаа кучлари ҳозирда Эрондаги ҳарбий объектларга зарбалар бермоқда», — дейилади ЦАҲАЛ баёнотида.

NBC News хабарига кўра, Исроил нишонлари орасида Теҳрондаги казарма ва қурол омбори бўлган. Fars агентлиги, ўз навбатида, ҳаво зарбалари нишони Теҳрон жануби ва жануби-ғарбидаги ҳарбий базалар бўлганини хабар қилди.

Эрон давлат матбуоти ҳужум пайтида Теҳрондаги иккала аэропорт ҳам «нормал режимда» ишлаганини хабар қилди. Бироқ кейинроқ расмийлар ҳаво ҳудудини бутунлай ёпди. Irna давлат ахборот агентлигининг фавқулодда хизматлардаги манбаларига таяниб хабар беришича, Теҳронда қурбонлар қайд этилмаган, пойтахтда интернет узилиб қолган. Ироқ устидаги ҳаво ҳудуди ҳам бутунлай ёпилган.

Камида еттита портлаш овозини Теҳрон ва пойтахтнинг шимолий чеккасидаги Караж аҳолиси эшитган. Портлашлар манбаси номаълум, аммо Эрон давлат телевидениеси бу ҳаво ҳужумидан мудофаа иши бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни тилга олди.

Кейинроқ агентликлар маҳаллий ОАВга таяниб, Эрон пойтахти марказида кучли портлаш ва «узоқ давом этган шовқин», шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими иши ҳақида хабар беришди. 

Мавзуга оид