Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нетаняҳу: Исроилнинг Эронга зарбасидаги барча мақсадларга эришилди
Исроил бош вазири Эронга қарши ҳаво ҳужумини аниқ ва кучли деб атади. Эрон Исроил ҳужумига «ўйланган жавоб» бериш билан таҳдид қилди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг айтишича, Эронга қарши ҳаво ҳужуми аниқ, кучли ва муваффақиятли бўлган. «Биз Эрон ҳужумига жавоб берамиз, деб ваъда қилдик ва шанба куни зарба бердик. Эронга ҳужум аниқ ва кучли эди, барча мақсадларга эришилди», деди у 27 октябр, якшанба куни Қуддусда.
Исроил ҳаво ҳужумлари Эроннинг 1 октябр куни амалга оширган ҳужумига жавобан амалга оширилган, ўшанда Исроилга икки юзга яқин ракета учирилган. Уларнинг аксарияти Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан тутиб олинди.
«Эрон юзлаб баллистик ракеталар билан Исроилга ҳужум қилди ва ҳужум муваффақиятсизликка учради. Биз ваъдамизда турдик. Ҳарбий самолётлар Эронга ҳужум қилиб, бу мамлакатдаги мудофаа иншоотлари ва ракета ишлаб чиқаришига зарба берди», — деди Нетаняҳу.
Исроил Эроннинг асосий энергия объектлари атрофидаги ҲҲМни йўқ қилди
Исроил Эрондаги муҳим энергия объектлари атрофидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини атайлаб нишонга олди ва уларга тўғридан тўғри зарба беришдан тийилди. Бу ҳақда 26 октябр куни The New York Times номи ошкор этилмаган Эрон ва Исроил расмийларига таяниб хабар берди.
Эроннинг уч расмийси ва Исроил Мудофаа вазирлигининг уч юқори мартабали мулозимига кўра, Исроил мудофаа кучлари нишонлари Хузистон вилоятидаги Бандар Имом Хомайний нефт-кимё мажмуаси, Бандар Имом Хомайний порти, Абадан нефтни қайта ишлаш заводи, Илам вилоятидаги газ кони ва бошқа ҳаво ҳужумидан мудофаа объектларидан иборат бўлган.
Эрондаги NYT манбаларининг таъкидлашича, Исроилнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини йўқ қилгани Теҳронда «чуқур хавотир уйғотди», чунки ҳозирда муҳим энергетика объектлари келажакда юзага келиши мумкин бўлган ҳужумлар олдида жуда заиф.