Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи – 60 фоизи ишлайди ва меҳнатга лаёқатли ёшдаги катталарнинг тахминан 15 фоизи руҳий касалликлар билан яшайди. Шунингдек, ҳар йили депрессия ва ташвишланиш туфайли 12 миллиардга яқин иш куни йўқолиши тахмин қилиняпти. Бу эса жаҳон иқтисодиётида 1 триллион доллар унумдорликнинг камайишига сабаб бўлади.

Иш жойлари молиявий барқарорлик, инклюзив ҳамжамиятни шакллантириш, ходимларда ишонч ва муваффақият туйғусини пайдо қилиш орқали руҳий саломатликни ҳимоя қилиши мумкин. Аммо иш ўринларининг кафолатланмагани, дискриминация, хавфли иш шароитлари ва ортиқча иш соатлари руҳий саломатлик учун хавф манбаи ҳисобланади.

Headspace руҳий саломатлик ташкилоти 2024 йилнинг ишчилар руҳий ҳолати ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Буюк Британия ва АҚШда ходимларнинг деярли ярми (47 фоиз) ва бош директорларнинг учдан икки қисми (66 фоиз) стрессларининг кўп қисми ёки ҳаммасига иш сабаб эканини айтган.

Шунингдек, сўровномада стресс ишчиларнинг шахсий ҳаётига таъсир қилиши ҳам кўрсатилган. Иштирокчиларнинг 3/4 қисми ишдаги стресс жисмоний соғлиғига салбий таъсир кўрсатишини айтган бўлса, 71 фоизи иш стресси шахсий муносабатларнинг тугашига сабаб бўлишини таъкидлаган.

Estée Lauder компаниялари корпоратив тиббий директори Шарон Э. Смит ходимларнинг маҳорати ошиб, янги нарсаларни ўрганишга қизиқиши умумий ижтимоий фаровонликка яхши таъсир қилишини таъкидлайди.

“Сизнинг уйингизда ҳаммаси жойидами? Буларнинг барчаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва бу нафақат сизнинг самарали ишлаш қобилиятингизга, балки оила аъзоларингизнинг ҳам унумдорлик қобилиятига таъсир қилади”, – дейди у.

World Economic Forum иш жойларида депрессияни камайтириш, фаол ҳаёт тарзини йўлга қўйиш ҳақида айрим ташаббусларни илгари суради