Тайванлик олимлар кўк чойни мунтазам истеъмол қилиш депрессияга тушиш эҳтимолини камайтиришини аниқладилар. Тадқиқот натижалари Nutrients журналида эълон қилинди.
Тадқиқотда 27 119 нафар киши иштирок этган. Барча иштирокчилар тиббий кўрикдан ўтган ва қон таҳлиллари топширган. Кўнгиллилар ўзларининг зарарли одатлари, касалликлари ва жисмоний фаоллиги ҳақида маълумот берган.
Чой истеъмоли билан депрессия ўртасидаги боғлиқлик ёш, жинс, саломатлик ҳолати ва турмуш тарзи каби омиллар билан таққосланган ҳолда ўрганилган.
Олимларнинг аниқлашича, кунига бир-икки пиёла чой депрессия хавфини сезиларли даражада камайтиради. Аммо кунлик меъёр ошиб кетса, чой таркибидаги кофеин ва танин моддалари уйқусизлик, безовталик ёки ошқозон билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Тахмин қилинишича, чойнинг фойдали таъсири унинг таркибидаги полифеноллар ва теанин каби моддалар билан боғлиқ. Улар асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, нервларни зарарланишдан ҳимоя қилади ва асабийликни камайтиради.











