Жаҳон | 18:09 / 01.11.2024
16744
2 дақиқада ўқилади

КХДР Россияни «муқаддас урушда» қўллаб-қувватлайди – КХДР ташқи ишлар вазири

«Ғалабали кунгача биз доимо россиялик ўртоқларимизнинг ёнида турамиз», деди вазир.

Фото: РИА Новости

КХДР ташқи ишлар вазири Чхве Сон Хи Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди ва Москва билан Пхенян ўртасидаги ҳамкорлик «енгилмас ҳарбий шериклик, шунингдек, юз йиллик истиқболга эга стратегик муносабатлар» даражасига чиқаётганини айтди. Бу ҳақда The Insider хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш бошиданоқ «давлат раиси Ким Чен Ин ҳеч ким ва ҳеч нарсага эътибор бермай, ўзгармас ва қудратли тарзда Россияни «муқаддас урушда» қўллаб-қувватлаш» ҳақида кўрсатма берган.

«Ғалабали кунгача биз доимо россиялик ўртоқларимизнинг ёнида турамиз», деди Чхве Россия вазирига. Бироқ, у ёрдам қандай бўлишига аниқлик киритмади.

Чхве, шунингдек, «ҳозирги вазият ўз мамлакатидан стратегик ва ҳужумкор ядровий қуролларни кучайтиришни, шунингдек, ядровий жавоб зарбасига тайёрликни оширишни» талаб этишини таъкидлади.

Лавров Чхвенинг баёнотига жавобан, икки давлат ўртасидаги муносабатлар «мисли кўрилмаган янги босқич»га чиққанини қайд этди ҳамда «сиёсий мулоқотнинг жадаллиги нуқтаи назаридан ҳамкорликнинг стратегик хусусиятини» таъкидлади. Шунингдек, у Россия ва КХДР ўртасидаги разведка хизматлари орқали алоқалар икки давлат хавфсизлигида катта рол ўйнашини айтди.

Аввалроқ, июн ойида Россия президенти Владимир Путин ва КХДР раҳбари Ким Чен Ин ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаган эди.

Шундан сўнг, Жанубий Корея матбуоти КХДР Украина билан жанг қилиш учун Россияга 12 минг аскар юборилгани ҳақида ёзди. Кейинроқ КХДР аскарларининг Узоқ Шарқдаги машғулотлари акс этган видео пайдо бўлди.

КХДР Россияга ҳарбий хизматчилар юборилиши ҳақидаги хабарларни миш-миш деб атади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид