Тошкент ҳавоси ифлосланиш бўйича рекорд даражага чиқди. Муаммо яна жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Бойсунда портлаган кон атрофидан гўёки "ҳаммаси жойида" дея репортаж тайёрлаган Шерзодхон Қудратхўжа Юнусободда заҳарли газ чиқараётган иссиқхоналарни "йўқ қилиш"ни талаб қилди. Фаоллар эса масаланинг бошқа жиҳатларига эътибор қаратишди.

IQAir маълумотларига кўра, ноябрнинг дастлабки 3 куни давомида пойтахтимизда ҳаво сифати ўта ёмон даражага тушган. Хусусан, 3 ноябрь куни Тошкент Покистондаги Лоҳур шаҳри ва Ҳиндистон пойтахти Деҳлидан сўнг дунёнинг ҳавоси энг ифлос учинчи шаҳри бўлди.

Заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошиб, ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан 93,2 баробар кўп бўлди. Ҳавонинг бундай “носоғлом” тоифага киргани сабаб кўчага чиқиш тавсия қилинмади, зарурат бўлганда фақат ниқоб билан чиқиш шартлиги эслатилди.

4 ноябрдаги ҳолатга кўра эса Тошкент рейтингда 28-ўринни эгаллади, PM2,5 дисперсли зарралари билан ифлосланиш даражаси ЖССТ тавсиясидан 5,8 марта юқори бўлиб турибди.

Айни муаммо фонида тармоқларда жамоатчиликнинг кескин эътирозлари янграй бошлади. Баъзи дискуссиялар яна бошқа муҳокамаларни ҳам юзага келтирди. Kun.uz шуларнинг айримларини келтиради.

“Виждон борми? – Шерзодхон Қудратхўжа

“М25” конидаги авариядан кейин сентябр ойи охирларида Бойсунга бориб, репортаж тайёрлаган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Facebook'да пост қолдирди. Сиёсатшунос Юнусобод туманида заҳарли газ чиқараётган иссиқхоналар фаолиятини тўхтатишни талаб қилди.

“Қизил даража!!! Дрон учириб Юнусобод Ҳасанбойида иссиқхоналарни йўқ қилиш вақти келди! Шина ва хазон ёқилмоқда! Ҳаво йўқ! Виждон борми?” – дея ёзган ректор.

Ҳозирда бу пост ўчириб юборилган, уни кўришнинг имкони мавжуд эмас. Аммо постдан олинган скринлар деярли барча тармоқларда тарқалиб, кескин дискуссияларни келтириб чиқаришга улгурди.