Фарғона вилоятида суюлтирилган газ таъминотидаги узоқ кечикишлар ҳамон давом этмоқда. Kun.uz'га Бағдод тумани Қирқволида қишлоғидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаат видеосида ўнлаб одамлар – қишлоқ аҳли суюлтирилган газ баллонларини узун навбатга териб қўйган ҳолда, пропан баллонларини олиб келадиган юк машинаси келишини кутаётганини кўриш мумкин. Одамларга бир кун олдин “эртага газбаллон келади” дейилган.
“2026 йил 18 август. Шом бўляпти, мана, Ой чиқди. Эрталаб соат 9 дан бери ўтирибмиз, ишимизни қилмай. [Суюлтирилган газ охирги марта] 12 майда келган. Мана, уч ойдан ўтиб кетди, газбаллон йўқ.
Деярли 12 соатдан бери ўтирибмиз. Таърифга тил ожиз-да энди. Илон Маск Марсга бир балолар қурамиз деяпти, биз эса газбаллон кутиб ўтираверамиз. Яхши бўлиб кетади, худо хоҳласа”, дейди мурожаатчи.
Одамлар туман газ идорасига бориб, идора бошлиғига шикоят қилган. У жазирама иссиқ туфайли хавфсизлик юзасидан соат 11:00 – 17:00 оралиғида газбаллонларни тўлдиришга чеклов қўйилганини айтиб, кечикишни шу билан изоҳлаган.
“[Газбаллонлар ташувчи] ҳайдовчига телефон қилиб, бугун келадими ё эртагами, шуни бизга узил-кесил билиб беринг”, – дейишган бунга жавобан қишлоқ одамлари.
Газ идораси раҳбари эса ҳайдовчи бугун келоладими-йўқми, ўзи ҳам билмаслиги, бу – Олтиариқдаги қуйиш шохобчасига ва у ердаги навбатларга боғлиқлигини айтган.
Kun.uz уч ҳафта аввал, июл ойи охирида Фарғона вилояти Қува туманида ҳам 100 кундан ошибдики, суюлтирилган газбаллон етказиб берилмагани ҳақида репортаж эълон қилган эди. Кўп ўтмай аҳоли хонадонларига пропан таъминотидаги узоқ кечикишлар бутун республикага ёйилгани маълум бўлганди.
Ўшанда Энергетика вазирлиги бу йўналишдаги мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш ишлари олиб борилаётганини билдирган
















