Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
Энергетика вазирлигининг хабар қилишича, “Avto24” иловаси барча ёқилғи қуйиш, газ тўлдириш ва қувватлаш станцияларини битта харитада тезда топиш, реал вақт режимида улардаги мавжуд ёқилғининг нархи ва захираси ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш имконини беради. Табиий газ истеъмолчилари учун “Hudud Gaz Ta'minot” иловаси ҳам ишга туширилди.
Ўзбекистондаги ёқилғи қуйиш, газ тўлдириш ва электр қувватлаш шохобчалари ҳақида маълумот берувчи “Avto24” иловаси тест синовида ишга туширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.
“Сир эмас, ҳар йили куз-қиш мавсумида автомобил ҳайдовчилар бошқаларга нисбатан кўпроқ азият чекишади. Уларнинг асосий муаммоси куннинг совуқ пайтларида қаерда ёқилғи қуйиш ёки автомобилини сиқилган ҳамда суюлтирилган газ билан тўлдириш мумкинлигини аниқлаштиришнинг имконсизлигида эди.
Ва ниҳоят эндиликда бундай муаммоларга барҳам бериладиган бўлди”, – дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, “Avto24” иловаси – ҳар бир ҳудуддаги энг яқин ёқилғи қуйиш, автомобилни сиқилган ёки суюлтирилган газ билан тўлдириш ва электромобиллар учун қувватлантириш шохобчаларини топиш, нархларни таққослаш, борар манзили ва вақтини аниқ режалаштириш имконини беради.
Иловани Android ва iOS иловалари учун бепул юклаб олиш мумкин.
“Avto24” иловаси автомобил эгаларига ҳудудлардаги барча ёқилғи ҳамда қувватлаш шохобчаларини битта харитада тезда топиш, реал вақт режимида ҳозирги вақтда мавжуд ёқилғининг нархи, захираси ва қулайликлари ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш, электромобил эгалари учун махсус қувватлаш пунктларининг локацияларини аниқлаш сингари имкониятларни тақдим этади.
Шунингдек, истеъмолчилар илова орқали ўзларига маъқул манзилнинг рейтингини кўтариш, ёқилғи сифати ҳамда нархи ҳақида шарҳ қолдиришлари ҳам мумкин бўлади.
Мобил илова дастури автоматлаштирилган ҳолда янгилаб борилади”, – дейилади хабарда.
Таъкидланишича, илова Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ишлаб чиқилган.
Айни пайтда, “Ҳудудгазтаъминот” газ сарфи ва харажатларини онлайн режимда кузатиш имконини берувчи “Hudud Gaz Ta'minot” иловасини ҳам (Android, iOS) тест синовида ишга туширди.
“Мазкур илова орқали истеъмолчилар бевосита кунлик ва ойлик кесимида табиий газ истеъмолини кузатиб бориш, хусусан, газ ҳисоб рақамларига тўлов қилиш ҳамда суюлтирилган газ истеъмолчилари ўз ҳисобларини тўлдириш ва бириктирилган баллонлар рўйхатини кўриб бориш имкониятига эга бўладилар.
Иловани юклаб олгандан кейин унга тегишли шахсий ҳисоб рақами ҳамда OneID хизмати орқали уланиш мумкин”, – дейилади компания хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил ёз фаслида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан янги “HET Billing Mobile” мобил иловаси ишга туширилганди.
Мавзуга оид
15:57
Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
20:11 / 19.12.2024
Халқ истеъдоди, вақти ва имкониятларини йўқотаётган муаммо
19:28 / 18.12.2024