3-4-3 «ҳимоявий» схемами?
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, схема шунчаки, футболчилар жойлашувини кўзда тутади холос, яъни мустақил равишда жамоанинг ҳимоявий, ҳужумкор, тўп назорати ёки қарши ҳужумга асосланган эканидан маълумот бермайди. Марказий ҳимоячилар сони биттага кўп экани бизни чалғитмаслиги керак, бу ерда жамоанинг тўп билан ва тўпсиз қандай ҳаракат қилиши, қанотдагиларнинг позицион ҳужумларга қай даражада жалб қилингани муҳим аҳамият касб этади. Замонавий футболда, масалан, Хаби Алонсонинг «Байер»и уч марказий ҳимоячи билан ўйнаса-да, ҳимоявий дейишга тил бормайди, зеро Грималдо ва Фримпонг айнан олдинги чизиқдаги ҳаракатлари билан танилган бўлиб, мавсум давомида оддий вингерлардан кўпроқ гол+пас очколарини йиғишини гувоҳи бўлганмиз. Айтмоқчиманки, 5-2-3 ҳимоявий, агар бу 4-3-3 га айланса, ҳужумкор деб хулоса чиқармаслик керак.
Бизнинг ҳолатимизда 3-4-3 кўпроқ 5-2-3 ни англатиши бошланғич жойлашувда эмас, қанотларда асосан ҳимоячилар тўп суриши ва айниқса, кучли жамоалар билан ўйинлардаги позицион ҳужумлар ташкил этишда фаол эмасликларидир. Айнан шу сабабли, кўпинча, олдинги чизиқда сон жиҳатдан камчиликка эга бўлмоқдамиз ва барчаси орқадаги ортиқча ҳимоячида деб тушуниб қолинмоқда. Қатар билан бўлгани каби, 4-3-3 га ўтганимизда фаолашишимиз ҳам шундан – энди ҳимоячилардан кимдир ортиқча фаол бўлиши шарт эмас, сон жиҳатдан бир футболчи қўшилди. Аслида эса, Катанец кўзда тутган схемада ҳам ўша устунликни таъминлаш мумкин.
Энди ҳақли савол туғилади – 5-2-3 да позицион ҳужумлардаги камчилик ушбу схеманинг хусусиятлари футболчиларда ишламаслиги туфайлими ёки Катанец бу схемада айнан эҳтиёткорликни назарда тутади холосми?

Машарипов ва Файзуллаев вингерми?
Аввалги мақолаларда гаплашгандик, уч марказий ҳимоячили схема турлича қўлланилиши мумкин. 3-4-3 вингерлар билан, 3-4-3 ҳужумкор яримҳимоячилар билан, 3-4-1-2 икки ҳужумчи ва ҳоказо. Тан олиш керак, Аббос ҳам, Жалолиддин ҳам қанотдан тезкор ҳужум қиладиган, айтайлик, Ўрунов, Ҳамдамов ёки Рашидов каби футболчилар эмас. Ҳар иккиси ҳам шериклари билан комбинация қилиши мумкин, кичик зоналарда тўпни сақлаш, тўхтаб турган ҳолда дриблинг қилиш, узоқдан зарба бериш, ўткир пас узатиш қобилиятига эга. Бундан ташқари, марказда Шукуров ва Ҳамробеков эканини инобатга олсак, бизга қанотлардан кўра, айнан марказга ўтиб ҳаракатланиш жуда муҳим ҳисобланади.

Бошланғич жойлашув юқоридаги расмдаги каби бўлиши Файзуллаев ва Машарипов танланганидан келиб чиққанда, энг самарали бўлиши мумкин деб ҳисоблайман. Таркибда бу схемада ҳам ҳужумкор бўла олиш учун барча имкониятлар етарли. Насруллаев ва Алижонов бутун қанот учун жавоб бериши, Машарипов ва Файзуллаев эса марказдагилар билан тўртлик хосил қилиши мумкин. Шерзоднинг тезкорлик билан майдон охиригача очила олиши, Алижоновнинг эса ҳар икки оёқда пас бера олиши ва керак бўлганда марказни тўлдира олиши турли маневрлар учун яхшигина йўл очади. Энг муҳими, ҳам тўп билан ҳам тўпсиз етарли даражада зич марказга эга бўламизки, пастроқда бунинг ҳам аҳамиятини кўриб чиқамиз.






















