Ўзбекистоннинг Қоратоғдаги биринчи фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Шахавдинов 25 ноябр куни Қоратоғ президенти Яков Милатовичга ишонч ёрлиқларини топширди.

Президент қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Ўзбекистон-Қоратоғ муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, уларни янги сифат босқичига олиб чиқиш бўйича истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Яков Милатович Ўзбекистон халқини ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлида эришилган муваффақиятлар билан табриклаб, юртимизга тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тилади. У сайёҳлик ва гуманитар алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Қоратоғ ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2006 йил 19 декабр куни ўрнатилган.

Ойбек Шахавдинов Қоратоғ билан биргаликда Ўзбекистоннинг Словениядаги ва Хорватиядаги биринчи элчиси ҳисобланади. Шунингдек, у 2024 йил март ойида Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси лавозимига тайинланган. Шахавдинов қароргоҳи Венгрия пойтахти Будапештда жойлашган.