Маттиас Фоллерт Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов янги элчининг ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилди.

Учрашувда икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Германияни Европадаги ишончли ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлардан бири сифатида юксак қадрлайди. Сўнгги йилларда олий даражадаги ташрифлар ҳамда мунтазам сиёсий мулоқотлар натижасида Ўзбекистон–Германия муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда.

Маттиас Фоллерт бу лавозимда Манфред Хутерер ўрнини эгаллади. У илгари Германия Ташқи ишлар вазирлигида Жанубий Кавказ, Марказий Осиё ва Шарқий шериклик бўйича бўлинмани бошқарган.