Жамият | 19:26 / 29.11.2024
13375
6 дақиқада ўқилади

«Қамоқдан чиқишни хоҳласанг, адвокатингдан воз кеч» – терговдаги шахсга босимлар ҳақида

Терговчилар томонидан ҳимояси остидаги шахсга руҳий босимлар бўлади, бу орқали биз «ўйин»дан чиқиб кетамиз, дейди Kun.uz билан суҳбатлашган адвокатлар. Шунингдек, адвокатларга кўра судлар баъзи ҳолларда ўртада ҳакам бўлиш ўрнига – исбот қилиш субъекти сифатида айблов томонидан ҳаракатланишга одатланиб қолган.

9 ноябр куни Олий суд раиси ва судялари адвокатлар учрашуви ортидан жамиятда долзарб бўлган адвокат ҳуқуқлари, тергов-суриштирув жараёнида инсон ҳуқуқлари бузилишига доир масалалар яна кун тартибига қайтди. Kun.uz ушбу масала юзасидан амалиётда юзага келаётган масалаларни жамоатчиликка олиб чиқиш учун адвокатларга микрофон тутди.

Амрулло Аҳмедов, адвокат:

Адвокатларга очиқдан очиқ зулм қилинмаяпти, очиқдан очиқ уларнинг ҳуқуқлари камситилмаяпти, чунки адвокат ўзини ҳимоя қила оладиган шахс. Адвокатнинг ҳимояси остидаги шахсга тазйиқлар бўлади. «Агар сен қамоқдан чиқишни хоҳласанг, адвокатингни алмаштир ёки адвокатдан воз кеч», деган ҳол ҳам бор. Уларга босим бўлиши орқали биз ўйиндан чиқиб кетамиз. Қайсидир терговчи бўлиши мумкин, қайсидир суриштирувчи бўладими, уларнинг гапига ишонган ҳолда, адвокатдан воз кечиш ҳоллари ҳам бўляпти. Мана шу ерда руҳий ёки жисмоний босимлар бўлади. Жисмоний босимлар ҳозир ҳам бўлиб турибди, лекин руҳий босими кўпроқ бўляпти. Айрим ҳолларда у фикридан қайтиб, яна бизнинг ҳимоямиздан фойдаланади. Айримлари қатъий «оёқ тираб» туриб, «йўқ, адвокатдан воз кечаман, мен ўз ҳуқуқларимни ўзим ҳимоя қила оламан», деган маънода. Кейинчалик, тергов жараёнида ўзи қолади.

Амалиётда қасдлашиш ҳолатлари ҳам бўлган ва бўлиб туради. Ҳаттоки прокурор билан қасдлашган ҳолатларимиз ҳам бўлган. Яъни олдинги бир жиноят иши бўйича биз ютиб чиқдик ёки унга [ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимига] нисбатан интизомий жавобгарликка тортишга эришдик. Кейинги ишингиз бўйича сиз яна идорага кириб келяпсиз, фақат ҳимоянгиз остидаги шахс – гумонланувчи ёки айбланувчи бошқа. У «шошмай тур, сеними», дейди. Ҳаттоки нимадир қилиб бўлса ҳам ҳимоянгиз остидаги шахсни қамоққа олишга ҳаракат қилади. Демак, ўша гумонланувчи ёки айбланувчи орқали сизга нисбатан муносабатини ҳам билдиради. Шунақа ҳолатлар ҳам бор.

Бундан ташқари, асоссиз ҳукм чиқариш, яъни ёки шахсга нисбатан нотўғри айблов қилиш, булар – ўша мансабдор шахсга нисбатан тегишли тартибда интизомий чора ёки жиноий жавобгарликкача олиб келиши керак. Демак, мана шу иккита норма бизда ишламаяпти. Агар ўша норма ишлаганда, агар судя чиқараётган қарор нотўғри бўладиган бўлса, ёки у юқори инстанцияда тўғриланди. Шундан кейин сизга нисбатан интизомий ёки ишдан бўшатилиш бўйича ёки жиноий жавобгарлик белгиланадиган бўлса, ўшанда сиз бошқа ташқи таъсирларга ҳам эътибор қилмайсиз. Сизга келадиган илтимос томонларни ҳам рад этасиз ва қонунга амал қилган ҳолда иш юритасиз. Мана бу шаффофликка, қонунийлик ва адолатни таъминлашга олиб келади.

Амрулло Аҳмедов, адвокат:

Қонун бўйича айбсизлик презумпцияси бор, яъни шахс ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмас. Унинг айбини тергов органи ва давлат айбловчиси исботлаб бериши керак, ҳаттоки суд ҳам эмас. Бизда, афсус, судлар исбот қилиш субъекти сифатида қолиб кетган. Исбот қилиш субъекти сифатида фақат айблов томонидан ҳаракат қилишга одатланиб қолишган. Айблов тарафидан прокурор ролини — давлат айбловчиси ролини бажаряпти.

Ваҳоланки, суд мустақил бўлиб, ҳакам сифатида ўртада тарози бўлиб туриб, оқловчи далилларни ҳам, айблов далилларини ҳам эшитиши ва иккаласидан умумий хулосага келиб, якуний ҳукм қабул қилиши керак.

Давронбек Аҳмадов, адвокат:

Энг муҳими, судяларнинг мустақиллиги ва холислиги. Агар суд мустақил бўлса, бу демократиянинг белгиси бўлади. Ҳамма ҳолатда ҳам судлар мустақил бўлолмайди. Адвокатлар бундан-да ривожланиб кетиши, обрўси ошиб кетиши мумкин. Агар сиз судда ютиб, натижа кўрсатсангиз.

Масалан, сизнинг мижозингиз ҳақ: барча ҳужжатлар ва далиллар бор. Бироқ судгача етиб келганингизда, судда зарарингизга қарор чиқарилди. Кейин, албатта, ҳимоянгиз остидаги шахс ёки компания томонидан эътироз оласиз: «Нега судда ютқаздингиз? Ҳамма далилларимиз бор-ку» дейди. «Мен судя эмасман, қарорни мен қабул қилмайман, суд қабул қилади қарорни ёки тергов қабул қилади. Лекин улар холис ва мустақил бўлмаса, фойдангизга қарор қабул қилмайди», деб жавоб қайтарамиз.

Эртага судга чиққанингизда у судя ким, қандай у, мустақилми, билимлими ёки холисми— билмаймиз. Турли суд ёндашувларига кўра, сиз прогноз қила оласиз. Шу масалада ўтган сафар ютган эдингиз. Ўхшаш ҳолатда қонунга кўра, «энди судга бораман, менинг фойдамга қарор чиқаради», дейсиз. Бир ой олдин худди шу кейсда бошқа судда ютгансиз, кейинги ойда бошқа судяда ютқазасиз. Чунки бугунги кунда судларда ягона амалиёт йўқ. Қанийди шу судя мустақил ва холис бўлганида эди, деб чиқиб кетган ҳолатларим ҳам бўлган.

Тўлиқ суҳбат билан юқоридаги видео орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид