Қуйида BBC шарҳловчиси Себастиан Ашернинг Сурия шимолидаги сўнгги воқеалар бўйича материали таржимаси келтирилади.

Кутилмаган юриш Сурия ҳукумати қўшинларининг Ҳалабдан олиб кетилишига сабаб бўлди, кўп йиллардан буён Асад режимини қўллаб-қувватлаб келаётган Россия авиацияси эса 2016 йилдан буён илк бор яна ушбу шаҳарни бомбардимон қилишда иштирок этишни бошлади.

Юришга «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилик қилмоқда — бу гуруҳ кўп йиллардан буён Сурия можаросида иштирок этиб келади.

Сурия Инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгаши маълумотларига кўра, ҳужумга Туркия томонидан қўллаб-қувватланган бир нечта исёнчи гуруҳлар ҳам қўшилган. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан эса буни инкор этди.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» қандай гуруҳ?

Жангарилар Ҳалаб марказида жойлашган қадимий қалъа фонида. 2024 йил 30 ноябр
Фото: dpa / Scanpix / LETA

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ), ёки «Левантни озод этиш ташкилоти»га 2011 йилда асос солинган. Ўшанда у «Жабҳат ан-Нусра» (Ан-Нусра фронти) деб аталарди ва «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотининг тўғридан тўғри ҳамкори бўлган.

ҲТШ ташкилотчиларидан бири кейинчалик ИШИД раҳбарига айланган Абу Бакр ал-Бағдодий эди.

ҲТШ Суриядаги фуқаролик уруши даврида президент Асадга қарши чиққан энг хавфли гуруҳлардан бири бўлган.

Аммо унинг ҳаракатланувчи кучи барибир инқилобий жўшқинликдан кўра кўпроқ жиҳодчилик мафкураси эди. Бу эса Озод Сурия байроғи остида ҳаракатланувчи исёнчиларнинг асосий коалицияси ниятларига зид келарди.

2016 йилда эса гуруҳ раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўланий террорчи ташкилот тамғасидан халос бўлиш учун ошкора тарзда «Ал-Қоида»дан ажралиб чиқиб, «Жабҳат ан-Нусра»ни тарқатиб юборди ва янги ташкилот тузди, орадан бир йил ўтиб ўзи каби кичик гуруҳлар билан бирлашган ҳолда «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» номини олди.