Кун тартибидан ЎФАнинг 2024 йилги фаолияти, амалга оширган ишлари ва ҳисоботи, кейинги йилги режалар ҳамда яна қатор масалалар ўрин олганди. ЎФА бош котиби йиғилганларга ҳисоботини тақдим этди. Конгрессда иштирок этган ЎФА президенти Абдусалом Азизовнинг футболдаги раҳбарлик лавозимини давом эттириши маълум бўлди.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги энг яхшиларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унга кўра, Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси деб топилди. Темур Кападзе эса мураббийлар орасида тенгсиз бўлди. 

ЎФАнинг 2024 йил якунларига бағишланган тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндор бўлган лауреатлар билан танишинг:

Юрий Саркисян - «Футболимиз нуронийси»

Футболимиз фахрийси, мураббий сифатида 5 карра Ўзбекистон чемпиони, 9 карра кумуш медали соҳиби, 2 карра Ўзбекистон кубоги ғолиби, Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси афсонаси, айни кунларда муборак 77 ёшни қарши олган Юрий Саркисянга «Футболимиз нуронийси» соврини топширилди.

«Фидойилик рамзи»

58 йил давомида Бухоро вилояти болалар ва ўсмирлар футболида жонкуярлик билан ишлаб, минглаб ёш футболчиларни тарбиялаган, клублар ва терма жамоаларга истеъдодларни етиштириб чиқарган фахрий — Иброҳим Шариповга «Фидойилик рамзи» соврини топширилди.

«Йилнинг энг яхши ҳаками»

Ўтган мавсум давомида бир нечта халқаро ўйинларга тайинлов олган, хусусан, Парижда ўтган Олимпиаданинг 4 та учрашувида фаолият олиб борган, ОЧЛ финал учрашувида ишлаган Илгиз Танташев — «Йилнинг энг яхши ҳаками» сифатида эътироф этилди.

«Йилнинг энг яхши аёл ҳаками»

Бу йил бир нечта халқаро ўйинларда фаолият олиб борган ва Ўзбекистон кубоги финал учрашувини юқори савияда ўтказган рефери Гулшода Саидқуловага — «Йилнинг энг яхши аёл ҳаками» соврини топширилди.

Жорий йилда футболни ривожлантириш ва қатор нуфузли мусобақаларни ўтказишдаги кўрсатган кўмаги ва қўллаб-қувватлагани учун ҳамкор ташкилотларга «Самарали ҳамкорлик рамзи» соврини топширилди.

Жорий йилда турли терма жамоаларимиз фаолияти ва футбол мусобақаларини ёритишда фаоллик кўрсатгани учун бир қатор ОАВ вакиллари тақдирланди.