Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев давлат хизматлари марказлари ташкил этилганига 7 йил тўлиши муносабати билан маъруза қилиб, соҳада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режаларга тўхталди.

«Амалга оширилган ҳуқуқий, ташкилий комплекс чоралар натижасида ДХМлар аҳоли муаммоларини ҳал қилишнинг, давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни соддалаштиришнинг марказига айланди.

Хусусан, халқимизга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада яқинлаштириш бўйича биринчи навбатда зарур инфратузилма яратилди.

Республиканинг барча 208 та туман ва шаҳарларида ДХМлар ташкил этилди. Уларнинг 193 тасида замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу биноларнинг 79 таси давлат-хусусий шериклик асосида қурилди. Туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км. узоқ, тоғли ҳудудларда 138 та филиал фаолият юритиб келмоқда. Улар маҳаллий аҳолини узоғини яқин қилмоқда.

2018 йил 1 январда фаолият бошлаган пайтда ДХМлар томонидан дастлаб 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирда 403 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.

Ҳар куни ўртача 100 мингга яқин фуқароларимиз Давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, хизматлардан фойдаланмоқда.

Хусусан, фуқароларнинг шахсан ўзи келган ҳолда 2023 йил давомида 9,3 млн.дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2024 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 10,5 млн.дан ортиқни ташкил этди.

Бугунги кунда ДХМларда ташриф буюрувчилар учун зарур қулайликлар яратилган бўлиб, кутиш заллари электрон навбат тизимлари, ахборот киоскалари, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, саломатлик бурчаклари, мутолаа учун китоб жавонлари, болалар ўйин майдончалари, Wi-Fi ҳудудлар ҳамда буфетлар билан жиҳозланган.

Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларимизга енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилган. Ҳозирга вақтга қадар 2,5 млн.га яқин сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Хусусан, 2024 йилнинг 9 ойи давомида 662 816 та сайёр хизмат кўрсатилди.

Сайёр хизматларни ташкил этиш учун махсус мослаштирилган автомашиналар харид қилинган бўлиб, улар кўчма ДХМ вазифасини ўтайди. Улар барча замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган.

2019 йилдан давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча хизматларни “экстерриториал” тамойил асосида кўрсатиш йўлга қўйилди.