Жамият | 16:54 / 19.12.2024
5034
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Суриядаги террорчи гуруҳларга пул юборган фуқаро 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди

Андижон шаҳридаги ошхонада ишлаган шахс 2023 йилнинг август-декабр ойларида Суриядаги террористик ташкилотларга пул ўтказгани маълум бўлди. У 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Маълум қилинишича, Андижон шаҳридаги парҳез таомлар ошхонасида ошпаз бўлиб ишловчи З.М. ўзининг фойдаланувида бўлган телефон аппарати ёрдамида Instagram, Telegram, WhatsApp тармоқларида профиллар очиб, улар орқали диний-экстремистик ташкилотларнинг «ҳижрат» ва «жиҳод» тўғрисидаги материалларини тинглаб, томоша қилган.

Шунингдек, у Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ҳамда «Ғуроба катибаси» террористик ташкилотлари сафида бўлган андижонлик уч нафар фуқаро билан 2023 йилнинг май ойидан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирида Сурияга кетишни мақсад қилган. Лекин оилавий муаммолар сабабли режасини амалга оширолмаган.

Бундан ташқари, 2023 йилнинг август-декабр ойлари давомида ушбу фуқароларнинг оила аъзолари ва танишлари берган жами 7150 АҚШ доллари ҳамда 41 миллион 230 минг сўм пул маблағини мобил иловалардан фойдаланган ҳолда, криптовалюта билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳисобрақамларига ўтказиш орқали уларга етказиб берган. Яъни улар ушбу пул маблағларини криптовалюта билан шуғулланувчи шахслардан ўзлари учун зарур бўлган хорижий валюта кўринишида қабул қилиб олган.

Шу билан биргаликда, З.М. улардан бирининг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи аёлни 2023 йилнинг 19 декабр куни «Дўстлик» чегара ўтказиш пункти орқали Қирғизистонга ўтказиб, келгусида Туркия орқали Сурия давлатига етиб бориши учун Ўш шаҳридаги аэропортга кузатиб қўйган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида З.М.нинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган. У 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Таъкидланишича, Суриядаги уч нафар андижонликдан бири қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид