Россиялик ҳарбийлар 20 декабр тонгида баллистик ракеталар билан Киевга зарба беришди. Украина пойтахти расмийларига кўра, бир киши ҳужум қурбони бўлган, яна камида 10 киши жароҳатланган.

Киев ҳарбий маъмурияти ва Киев шаҳри мэри Виталий Кличко яраланганларнинг олти нафари шифохонага ётқизилганини хабар қилган.

Украина ҳаво кучларига кўра, Россия соат еттилар атрофида Киевга «Искандер-М» тизимидан бешта баллистик ракета учирган. Украин ҳарбийларига кўра, ракеталарнинг барчаси уриб туширилган.

Ракета парчалари Киевнинг Голосеевский, Днипровск, Соломенск ва Шевченково районларига тушган.

Голосеевский районида икки киши жароҳатланган, иссиқлик магистрали шикастланган, бир неча автомобил ёниб кетган, деб хабар беради Киев мэри Виталий Кличко. Иссиқлик магистрали шикастланиши туфайли 630 та турар жой, 16 та шифохона, 17 та мактаб ва 13 та болалар боғчаси иссиқлик таъминотисиз қолган, деб хабар беради, Киев расмийлари.

Пойтахтнинг Соломенский ва Шевченково районларида парчалар тушиши оқибатида бир неча ёнғин келиб чиққан.

Шунингдек, ҳужум оқибатида Киевдаги Миколайив черкови ҳам зарар кўрган.

Ибодатхонанинг деразалари тўкилиб кетган

Ракеталар ҳужуми бошланишидан олдинроқ, 20 декабрга ўтар кечаси Украина пойтахти томон россияликларнинг дронлари учиб келган, деб хабар берган маҳаллий маъмурият. Киев расмийларига кўра, барча дронлар шаҳарга кирмасидан зарарсизлантирилган. Учувчисиз учар қурилмалардан бирининг парчалари Деснянск районидаги нотутар жой биносига тушган.

Россия мудофаа вазирлиги Киев бўйлаб зарбаларни Украина қуролли кучларининг 18 декабр куни ATACMS ва Storm Shadow ракеталари билан Ростов областидаги «Каменский комбинати»га қилган ҳужумига жавоб деб атаган (Украина томони бу баёнот юзасидан изоҳ бермаган). Россия Украина ғарб ракеталарини ўзининг ичкари ҳудудларига зарба беришда фойдаланишни бошлашидан олдин ҳам, урушнинг илк кунларидан буён Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига зарбалар йўллаб келади.

Идора баёнотига кўра, Россиянинг 20 декабр кунги ҳужуми нишонлари Киевдаги «Луч» конструкторлик бюроси ва «Украина қуролли кучлари бошқарув пункти» бўлган.

Россия мудофаа вазирлиги «барча мақсадларга эришилгани»ни таъкидлаган.