Йиғилишда қайд этилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги режаларига кўра, келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилиб, 257 минг ўқувчи ўрни очилади. Давлат таълим дастури халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштирилади.

Иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактаблар 420 тага, касб-ҳунар ўргатиладиганлари 400 тага етказилади.

Қайд қилинишича, бу йил 1 минг 500 та умумтаълим мактабида янги баҳолаш тизими жорий этилди. Натижалар таҳлилидан келиб чиқиб, бу тажриба яна кенгайтирилади.

Ўқитувчиларга малака тоифасини беришда ҳам рақамлаштирилган тизимга ўтилган. Энди тоифасини оширган педагоглар рағбатлантирилади, уларга тўплаган баллига қараб 70 фоизгача устама берилади.

Давлат раҳбари малака синовлари тартибини такомиллаштириш, соғлом рақобат муҳитини яратиб, барча педагогларга тенг имконият бериш зарурлигини таъкидлади.

Шу мақсадда кейинги йилдан ҳудудлардаги малака ошириш марказларида ўқув жараёнлари ўзгартирилади. Бунда ҳар бир ўқитувчининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, табақалашган малака ошириш тизими жорий қилинади. Малака синовидан ўта олмаганлар алоҳида дастур асосида қўшимча ўқитилади. Вилоятлардаги 5 та Педагогик маҳорат маркази замонавий шароитда иш бошлайди. Барча марказлар ситуацион ўқув техникалари ва виртуал лаборатория билан жиҳозланади.

Таълим ташкилотларига малакали раҳбарларни жалб этиш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида, қўшимча манбалар ҳисобидан, мактаб ва боғчалар директорлари ҳамда уларнинг ўринбосарларини моддий рағбатлантириш таклифи билдирилди.

Юқори синфларда ҳарбий ватанпарварлик дарслари бир соатга кўпайтирилди. Ушбу йўналиш ўқитувчилари нуфузини ошириш учун уларга ҳарбий унвон бериш тартиби белгиланди. Келгуси ўқув йилигача бу фан бўйича янги дарсликлар ишлаб чиқилади, касбий салоҳияти юқори ўқитувчилар ишга жалб этилади. Мудофаа вазирлиги билан бирга 208 та таълим масканида «Жасорат мактаби» ташкил этилади. Бу мактабларга тарбияси оғир ўқувчилар ҳам қамраб олинади.

2025 йилдан бошлаб, мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилади. “Методик маҳорат соати”, “Методик маҳорат куни” каби малака ошириш шакллари ташкил қилинади.