2024 йил ноябри охирида Сурияда мухолифатчиларнинг қуролланган кучлари Ҳалабга юриш бошлаганди. Катта эҳтимол билан, уларнинг ўзи ҳам якунда эришган натижасини кутмаганди: икки ҳафтадан камроқ вақт ичида, 8 декабрга келиб улар Дамашққа киришди, Суриянинг 24 йил бошқарган диктатор Башар Асад эса Россияга қочди. Бир ой ўтиб ҳам мамлакат ҳали инқилоб шокидан чиқиш ҳолатида. Ҳокимиятга келган кучлар мўътадил ва толерант бўлишга, фуқаролик уруши қайтадан бошланишига йўл қўймаслик учун барча билан келишишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча улар буни уддаламоқда, аммо ҳали кўп қийинчиликлар олдинда. Meduza шу мавзуни таҳлил қилди.

Асадни ағдаришда ҳал қилувчи ишни бажарган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи раҳбари Аҳмад ал-Шаръа энди Абу Муҳаммад ал-Жўланий тахаллусидан воз кечган. Ўтган бир ой ичида у қиёфасини тубдан ўзгартирди — ва бу ўзини «қайтадан кашф қилиш»нинг ташқи ифодаси эди.

Бир неча йил олдинроқ у салласини ечди — бу унинг «Ал-Қоида» билан алоқаларни узиш рамзи бўлганди. Энди эса милитарини пиджакка алмаштирди ва ҳатто галстук тақиб олди — Яқин Шарқ дунёсида бу дунёвийликни тан олиш рамзидир.

Расман Шаръа ҳеч қандай лавозимни эгалламаган, аммо амалда давлат раҳбари ҳисобланади: у энг муҳим қарорларни қабул қилади ва эълон қилади, сиёсатни юритади, Сурия ичкарисидаги муҳим кучлар ҳамда хорижий давлатлар билан музокаралар олиб боради.

Сурияда кескинлик чизиқлари кўп: мусулмонлар — христианлар, суннийлар — алавийлар, туркпараст кучлар — курдлар, диндорлар — дунёвийлар, жиҳодчилар — мўътадиллар. Бу жамоалардан ҳар бирининг ортида бир ёки бир неча қуролланган гуруҳ туради. Бунга сурияликлар ва мамлакатдаги вазиятга ўз таъсирини ўтказмоқчи бўладиган бошқа давлатларни қўшиш мумкин — бу ерда Туркия ҳам, Қатар ҳам, Саудия Арабистони ҳам, Эрон ҳам, ва албатта, ғарб давлатлари ҳам бор. Шунингдек, сурияликлар инқилобий кучлар сафларида жанг қилган хорижликлар ўртасидаги кескинлик — хорижликлар орасида араблар кўпчиликни ташкил этади, аммо Марказий Осиё ва Кавказдан келганлар ҳам кам эмас.

Шаръанинг биринчи галдаги вазифаси — янги фуқаролик уруши бошланишига йўл қўймасликдир. Кўплаб гуруҳлар умумий душман — Башар Асадга қарши бирлашганди, аммо энди бу омил йўқ. Шаръа қуролли гуруҳларни тарқатиб юборишга ва улардан ягона Сурия армияси тузишга интилмоқда. Гуруҳларнинг кўпчилиги бунга рози — ҳеч бўлмаганда оғизда. Амалда уларнинг айримлари декабрнинг катта қисмини бир-бири билан жанг қилиб ўтказди.