Кучли стресс, моддий йўқотиш ёки оғир жудолик кўп ҳолларда руҳий ҳолатнинг бузилишига олиб келади. Аммо руҳий хасталарнинг ярмида касалликнинг келиб чиқиш сабаби номаълум. Даволанаётганлар орасида ўзига тўқ, оиласида муаммоси йўқ ва ҳатто илмий иш қилаётган олимлар ҳам бор, дея ҳикоя қилади руҳий асаб касалликлари шифохонаси шифокори.

Одамлар руҳий касалликлар шифохонасини бирмунча қўрқинчли жой сифатида тасаввур қилишади. У ерда даволаниб қайтганлар эса жамиятдан узиб қўйилади. Негаки, кўпинча филмлар ва бошқа медиаконтентларда руҳий касалликларга чалинган беморлар хавфли инсон сифатида тасвирланади. Аммо уларнинг барчасини ҳам бунақа дея олмаймиз. Аслида руҳий носоғломлик ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинса ва тиббий муолажа олинса тузалиб кетиши мумкин бўлган хасталикнинг бир туридир: Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия йўналиши Тошкент шаҳар филиалида шифокорлар ва беморлар билан суҳбатлашиб, бунга яна бир бор амин бўлдик.

Бугун олиб кетиб, эртасига ташлаб кетадиганлар бор

Руҳий касалликлар шифохонаси дейилганда, одамларда озгина чўчиш бўлади. Бу бир умрга қандайдир тамға, қариндошлар орасида қандайдир камситилиш ёки оилани ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бизнинг тилимизда бу “сигма” дейилади, яъни ўша шахсга нисбатан қандайдир чегаралар қўйилади. Аслида бу нотўғри, чунки руҳий касалликлар ҳар қандай оддий касалликлар билан ўхшаш. Бу касаллик ҳаммада бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда замоннинг шиддат билан ривожланиб кетиши ва ўзгаришларга мослашиш инсонга қийинчиликлар туғдирмоқда. Бу эса кўп ҳолларда руҳий хасталикка сабаб бўлади. Шунинг оқибатида турли хил кетма-кет стресслар, ҳар хил касалликлар ва “травма”лар оқибатида ҳар қандай одам бу касалликдан ҳимояланмаган деб ўйлайман. Кўп нарса фуқароларнинг билим даражаси ва тушунчаларига боғлиқ. Айрим оилалар биринчи қўнғироқдаёқ ҳаракатга тушади. Масалан, болаларни оладиган бўлсак, ўқитувчиси билан гаплашади, мактаб психологи ва атрофдагиларнинг ўзгаришини сезиб, ҳамма бирдек ҳаракат қилса, олдини олиш мумкин. Айрим оилаларда эса юқорида айтиб ўтилганидек, орқага суриш, яхши бўлади деб ўтказиб юбориш ҳолатлари кўп бўлади”, - дейди Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия йўналиши бўйича Тошкент шаҳар филиали бўлим бошлиғи Осиёхон Қосимова.

Психиатрнинг айтишича, даволаш муддати ҳолатига қараб ўртача бир ярим ой давом этади. Барча харажатлар давлат томонидан қопланади. Чунки руҳий касалликлар бошқаларига қараганда ноодатий хатти-ҳаракатлари, турли хил гап-сўзлари, ҳаттоки ҳужум қилиш ҳолатлари билан фарқ қилади. Улар нафақат атрофдагиларга, балки ўзларига ҳам ташланиб қолади.