16 январ куни АОКАда «Ўзбеккосмос» агентлиги масъуллари иштирокида Ўзбекистоннинг космик тадқиқотлар ва технологиялар борасидаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда қатнашган «Ўзбеккосмос» агентлиги бўлим бошлиғи Муҳиддин Ибрагимов нега Ўзбекистон ҳамон сунъий йўлдош учирмаётгани борасида журналистларнинг саволларига жавоб берди.
«Ўзбекистонга сунъий йўлдош керакми, деган саволга 2022 йилда «йўқ», дегандим. Сабаби ўша пайтда бизда йўлдош учиришдан умуман мантиқ йўқ эди, чунки бозор йўқ эди. Мана, айтайлик, сунъий йўлдош учирдингиз, учирганингиздан кейин 100-200 миллион доллар солиқ тўловчиларнинг пули ишлатилади. Эртага менга аниқ раҳмат демайсиз.
Ундан ташқари, бошқа ҳеч қандай самарадорлик йўқ. Чунки бозор шакллантирилмаган. Вазирлик-идораларга бориб ёки хусусий секторга бориб, сунъий йўлдош олган суратни бераман десангиз, олдин суратлар ёпиқ бўлган, ишлата олмасдингиз. Вазирликларда ишлатадиган одам йўқ эди.
Сунъий йўлдошнинг ўз яроқлилик муддати бор, 5-7 йил учади. Беш йил етти йилдан кейин бўлди, ўчади. Ўчгандан кейин сизда табиий савол туғилади: солиқ тўловчи сифатида «нима қилдинглар ўзи?» дейсиз. Шу саволларнинг олдини олиш мақсадида биз биринчи фундаментни тайёрладик. Бугунга келиб, ҳозир Ўзбекистонда деярли 600 мингдан – 1 миллион кв/км суратларни қайта ишлаш бўйича бозор яратилди. Ҳам давлат, ҳам хусусий секторда.
Мана, энди бизлар сунъий йўлдош гуруҳини учириш бўйича, мен бемалол айта оламан, ишлар олиб боряпмиз. Чунки президент қарори бўйича бизга топшириқ берилган, мана шу ерни масофадан зондлаш бўйича сунъий йўлдош гуруҳини ўрганиб чиқиб, таклифини киритишимиз керак. Биз ҳозир шу бўйича турли давлатлар билан ишлаяпмиз. Ҳисоб-китоб ҳаммасини жойига қўйганимиздан кейин охирида мана шу таклифни киритамиз. Кейин бир ечим қабул қилингандан кейин биз, албатта, сизлар билан улашамиз», — деди агентлик расмийси.
Шунингдек, Муҳиддин Ибрагимов Туркия «Fergani» компанияси синов тариқасида учира бошлаган сунъий йўлдошлар лойиҳасида Ўзбекистон ҳам қатнашишини маълум қилди.
«Фарғони» жуда зўр лойиҳа! Уларнинг асосий йўналиши бу яқин IOT ва GPS. GPSʼга рақобатчи сифатида қилишяпти. Илмий лойиҳа сифатида кетяпти, ҳозир улар синов тариқасида юргизишди















