20 январ куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров 2024 йил Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2024 йилда жами 6 минг 898 нафар шахс томонидан 5 минг 716 та жиноят содир этилган. 2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Сув хўжалиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда банк соҳасида камайган. Олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида эса ошган. Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Хусусан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида 2024 йилда 309 та коррупцияга оид жиноятлар ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир этилган.
Ҳудудлар кесимида коррупцияга оид жиноятлар Тошкент вилоятида, Тошкент шаҳрида ва Самарқанд вилоятида энг кўп содир этилган. Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида коррупциявий жиноятлар кам содир этилган.
Шунингдек, агентликка 2024 йил давомида жами 4 176 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, вилоят маҳаллий ҳокимликларига 55 та сўровнома юборилган. Қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 41 та тақдимнома киритилган, 7 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, шундан 1 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 19 та қабул қилинган қарорлар бекор этилган, 6 та жиноят иши, 10 та маъмурий иш қўзғатилган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Коррупционерларнинг 80 фоизи қамалмаган, Андижон антирейтингда биринчи ўринда — миллий маъруза
Агентликка кўра, 327 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, натижаларига кўра 327 та лойиҳанинг 71 фоизида ёки 233 тасида 676 та коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.















