Спорт | 13:49 / 23.01.2025
4214
2 дақиқада ўқилади

Темур Кападзе: «Олдимизда масъулиятли ўйинлар турибди. Биз аскармиз. Вазифа берилди ва уни бажаришимиз керак»

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийига айланган Темур Кападзе ЎФА матбуот хизматига ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

Фото: ЎФА

«Аввало, Сречко Катанецга саломатлик тилаймиз. Барчамиз мураббий бошлаган ишини ўзи якунлашини хоҳлагандик. Аммо соғлиқ биринчи ўринда туради. 

Миллий жамоа менга бегона эмас. Ўйнаганман, бош мураббий ва ёрдамчи мураббий ҳам бўлганман. Биз аскармиз. Вазифа юклатилди ва уни бажаришимиз керак.

Олдимизда масъулиятли ўйинлар турибди. Ҳаммаси жойида бўлади, деб ўйлайман. Мураббийлар штаби ва футболчилар билан киришиб кетамиз. Бу йиғиндан унумли фойдаланамиз, янги футболчилар ҳам бор. Муҳими — барча ўйинчилар мартдаги муҳим баҳсларга яхши формада келишсин. Футболчиларнинг кучи ва маҳорати жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишимизга етади. Барчамизнинг орзумиз бир. Халқимиздан дуода бўлиб туришни сўраб қоламан», — дейди Кападзе. 

Эслатиб ўтамиз, Кападзе соғлиғи ёмонлашгани боис лавозимини тарк этган Сречко Катанец ўрнини эгаллади. Миллий жамоа янги мураббий қўл остида дастлабки ўйинини 27 январ куни Иорданияга қарши ўртоқлик баҳсида ўтказади.

Мавзуга оид