Ўзбекистон | 16:21 / 23.01.2025
1596
3 дақиқада ўқилади

Халқаро экспертлар ёрдамида келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегияси ишлаб чиқилади

Қурилишда «эскроу» тизими жорий қилинади. Объект муддатида топширилмаса, қурувчи ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди. Банкларнинг хориждан жалб қилинган маблағидан 310 миллион доллар қурувчиларга айланма учун берилади.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда қайд қилинишича, қурилиш соҳасида «эскроу» тизими жорий қилинади. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади.

Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади.

Йиғилишда таъкидланганидек, девелоперлар томонидан объектнинг 50 фоизи қурилганда, фуқаролар кредит ва субсидия олиши мумкин бўлади. Ушбу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотекаси учун ҳам татбиқ этилади.

Қурувчи ташкилотлар қурилишни бошлаганидан якунлагунича, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди.

Мутасаддиларга халқаро экспертларни жалб қилиб, келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.

Ўтказилган мулоқотларда девелоперларнинг кўпчилиги ер олиш, кредит, қурилишга рухсат, инфратузилма, фойдаланишга топшириш, уйларни сотиш билан боғлиқ масалаларни кўтарган.

Мисол учун, ўтган йили 5 минг хонадонли 150 та кўп қаватли уй айланма маблағ етмагани учун битмай қолган. Бу борада банкларнинг хориждан жалб қилинган маблағдан 310 миллион долларни қурувчиларга айланма учун бериш таклифи маъқулланди.

18 минг хонадон газда индивидуал иситиладиган қилиб қурилгани учун фойдаланишга қабул қилинмай турибди. Мутасаддиларга ишчи гуруҳи тузиб, ҳар бир ҳолатни ўрганиб, масаланинг ечими бўйича Ҳукуматга таклиф киритиш топширилди.

Бу йил 135 минг хонадонли кўп қаватли уйларни марказлашган ҳолда иситиладиган, овқат пишириш эса электр плитаси орқали бўладиган қилиб қуриш зарурлиги қайд этилди.

Марказий ва ички кўчаларни ёритишда исрофгарчиликни қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Ҳудудларда лифтларни қабул қилиш 2-3 ойга чўзилаётгани сабабли ҳар бир вилоятда камида 2 тадан бригада ташкил қилиш, 20 нафардан аҳолини лифтларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга ўқитиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид