Жаҳон | 18:31 / 27.01.2025
2725
2 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда ноқонуний миграцияни ташкил қилганлар қўлга олинди

Хорижий фуқароларга иш ва вақтинчалик яшаш жойи тўғрисида ёлғон маълумотлардан иборат сохта ҳужжатлар тақдим этилган.

Фото: Видеодан кадр

Россия Ички ишлар вазирлиги Санкт-Петербургда хорижлик мигрантларга сохта ҳужжатлар бериб келаётган бир қанча фирмалар фаолиятини тўхтатди, деб ёзди ТАСС.

«2023 йилдан бошлаб хорижликлар ва уларнинг иш берувчиларига сохта ҳужжатларни тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатилаётгани аниқланди. Уларда мигрантларнинг иш жойи ва вақтинчалик яшаш жойи ҳақида ёлғон маълумотлар бўлган. Шу билан бирга, жиноий схемага алоқадор ташкилотлар бошқа давлат фуқаролари учун солиқ ва ижтимоий тўловларни ҳисобламаган», дейилади хабарда.

2024 йилда улар 900 нафарга яқин мигрантни «қонунийлаштириб», ҳар биридан 35-40 минг рубл олган.

Таъкидланишича, ноқонуний миграцияни ташкил этишда гумон қилинган шахс қўлга олиниб, унга нисбатан муайян хатти-ҳаракатларга чеклов қўйилган. 16 киши жиноий схемага алоқадорлигини текшириш учун полицияга олиб кетилган.

Ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 322.1-моддаси (Ноқонуний миграцияни ташкил этиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу моддага кўра, айбланувчилар 1 миллион рублгача жарима ва 7 йилгача муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Россияда ноқонуний миграцияни ташкил қилганлик учун жазо кучайтирилган эди. Уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ушбу жиноят ўта оғир жиноят тоифасига киритилди.

Мавзуга оид