“Ўта ақлли СИ даври яқин”

Дарио Амодей, Anthropic асосчиси:

Фото: Fabrice Coffrini / AFP via Getty Images

— Охирги уч-олти ой ичида деярли ҳамма вазифалар бўйича деярли ҳамма одамлардан яхшироқ сунъий интеллект тизимлари пайдо бўла бошлаётганига ишонч ҳосил қилдим. Ҳали тўлиқ амин бўлмасам-да, кўрганларимга асосланиб, сунъий интеллект математика, дастурлаш ва биология каби соҳаларда PhD талабалари даражасида яхши натижалар кўрсата бошлаганини айтишим мумкин. Менимча, 2026 ёки 2027 йилга келиб, деярли барча соҳаларни деярли барча инсонлардан яхшироқ биладиган сунъий интеллект тизимларига эга бўламиз.

“Ёрдамчилар армияси”

Эндрю Инг, LandlingAI асосчиси:

— Мен сунъий интеллектни бир восита сифатида кўраман. Универсал сунъий интеллектга эга бўлиш яхши, чунки қўл остингизда гўёки стажёрлар армияси бўлади. Улар жуда ақлли, сиз хоҳлаган ҳар қандай ишни бажаришга қодир. Исталган топшириқни бажаришга ақли етади. Шунинг учун, менимча, бундай агентлар одамларга хизмат қилишини таъминлаш ниҳоятда қизиқ бўлади. Айтганча, интеллект бугунги дунёда энг қиммат нарсалардан бири. Шу сабабли шифокор қабули ёки репетитор ёллаш анча қимматга тушади. Лекин агар интеллектни арзонлаштириб, уни ҳаммага берсак, кўплаб инсонларнинг имкониятларини кенгайтирган бўламиз.

Дарио Амодей, Anthropic асосчиси:

— Агар миллионлаб нусхада ҳар жиҳатдан инсонлардан устун агентларимиз бўлса, мен буни дата-марказ ичига жойлаштирилган даҳолар ўлкасига қиёслаган бўлардим. Имкониятлар чегараси ҳақида гапирсак, биз бу билан дунёдаги ҳамма муаммоларни бир зумда ҳал қиламизми? Менимча, йўқ. Масалан, ўзи юрадиган автомобиллар мураккаб масала. Шунинг учун сунъий идрокнинг имкониятлари физик оламнинг хусусиятлари ва қонунлар билан чекланади. Фармацевтика соҳасини мисол қилсак, клиник синовларни барибир ўзимиз ўтказишимизга тўғри келади. Ахир физика ва биологиядаги қонуниятлар билан ҳисоблашишимиз керак. Сунъий интеллект эса бизга клиник синовларни анчагина тезлаштириш имконини беради. Тахминимча, агар сунъий интеллект имкониятларидан тўғри фойдалансак, биология каби соҳаларда 5-10 йил ичида 100 йиллик тараққиётга эришишимиз мумкин.