Жаҳон | 13:48 / 31.01.2025
4263
2 дақиқада ўқилади

Москвада "Роснано" топ-менежерлари ушланди

ОАВнинг хабар беришича, тўрт киши қўлга олинган, улар орасида "Роснано" собиқ ижрочи директори ва унинг ўринбосари ҳам бор. Бир йил давомида давлат корпорацияси топ-менежерларига нисбатан ўнга яқин жиноий иш очилди.

Фото: РБК

Москвада «Роснано» компанияси собиқ раҳбари Анатолий Чубайснинг бир неча собиқ ўринбосарлари ҳибсга олинди. Бу ҳақда 30 январ, пайшанба куни иш материаллари билан таниш манбага таяниб, РБК нашри хабар берди.

ТАСС ахборот агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, қўлга олишлар мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича муайян иш доирасида содир бўлганини таъкидлади. Ушланганларнинг исмлари ошкор этилмаган. ТАСС манбасига кўра, уларнинг мақоми «тергов ҳаракатлари давомида аниқланади».

«Интерфакс» агентлиги тўрт киши, жумладан «Роснано» собиқ ижрочи директори ва собиқ ижрочи директор ўринбосари – давлат корпорациясининг молия бўйича бошқарувчи директори қўлга олингани ҳақида ёзмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, уларга Жиноят кодексининг 285-моддаси (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш) ва 45 миллиард рублни ўзлаштириш бўйича айблов қўйилган. Гумонланувчилар ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Давлат думаси Чубайсга нисбатан терговга қадар текширув ўтказишни талаб қилди

Чубайс 2011 йилдан 2020 йилгача "Роснано" бошқаруви раиси бўлган. 2022 йил март ойида Владимир Путин томонидан ишдан бўшатилгунига қадар у президентнинг барқарор ривожланиш бўйича махсус вакили лавозимида ишлаган. 2023 йилда Путин Чубайс «қочиб кетгани» ва чет элда «негадир яшириниб юрганини» айтди. У, шунингдек, бу капиталида «молиявий тешик» аниқланган "Роснано"даги вазиятни текшириш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирди.

2024 йил январ ойи ўрталарида Давлат думаси депутатлари Россия Федерацияси Тергов қўмитасига Чубайсга нисбатан «тегишли жиноятлар аломатлари», хусусан, "Роснано"ни бошқарган даври бўйича терговга қадар текширув ўтказишни сўраб сўров юборишди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид