«Яблоко» партияси матбуот хизмати маълумотига кўра, 4 сентябр куни Москвада Давлат думасига сайловда иштирок этаётган икки номзод ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Анна Шатуновская-Бюрно уйи яқинида ушланиб, «Якиманка» полиция бўлимига олиб кетилган. У Москвадаги 204-сонли Преображенский бир мандатли сайлов округидан Давлат думаси депутатлигига номзод сифатида кўрсатилган.
Полиция Шатуновская-Бюрнога нисбатан Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 20.3-моддаси бўйича баённома расмийлаштирган. Ушбу модда «экстремистик ташкилотлар рамзларини тарғиб қилиш ёки оммавий намойиш этиш» учун жавобгарликни назарда тутади.
Шу куни фуқаролик кийимидаги ходимлар «Яблоко»нинг яна бир номзоди Григорий Гришиннинг уйига борган. У 197-сонли Ленинград бир мандатли округидан сайловда қатнашмоқда.
Партия вакилларининг билдиришича, Гришиндан маъмурий материалларни расмийлаштириш учун «Академический» полиция бўлимига бориш сўралган.
Гришин полициядан қўйиб юборилди
Григорий Гришин филология фанлари номзоди бўлиб, рус тили ва адабиётидан дарс беради, шунингдек, ҳужжатли кино билан шуғулланади.
Унга нисбатан ҳам Маъмурий кодекснинг 20.3-моддаси бўйича иш расмийлаштирилганидан кейин полициядан қўйиб юборилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Гришинга нисбатан эътирози унинг 2024 йилда Telegramʼда эълон қилган пости билан боғлиқ экани айтилмоқда.
Агар суд Гришин ва Шатуновская-Бюрнони ушбу ҳуқуқбузарликда айбдор деб топса, улар сайлов кампаниясидан четлатилиши мумкин.
«Яблоко»нинг яна бир номзоди 1 сентябрда ушланган
Партиянинг яна бир номзоди Артём Снеговский 1 сентябр куни Москвада ушланган эди. У 198-сонли Люблино бир мандатли округидан Давлат думасига сайловда қатнашмоқда.
Снеговскийга нисбатан 2022 йилдаги публикацияси сабаб Маъмурий кодекснинг 20.3.3-моддаси — Россия Қуролли кучларини «обрўсизлантириш» бўйича маъмурий иш қўзғатилган.
Бироқ бу модда бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиш, 20.3-моддадан фарқли равишда, ўз-ўзидан номзоднинг сайлов кампаниясида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишига олиб келмайди.















