10 сентябр куни ижтимоий тармоқларда Москва шаҳрида Ўзбекистон фуқароларининг ушлангани акс этган видеолар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлими ходимлари Миграция агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси вакиллари билан биргаликда «Коммунарский» ОМВДга бориб, воқеа тафсилотларини ўрганди ҳамда фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш чораларини кўрди.
Россия томони билан ўтказилган учрашувда маълум бўлишича, «Коммунарка-1» СНТ ҳудудида жойлашган хостелда рейд тадбирлари ўтказилган. Унинг натижасида полиция бўлимига жами 32 нафар хорижий фуқаро олиб келинган. Уларнинг 7 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган.
Ўзбекистон томони ва Россия мутасаддилари ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида 6 нафар Ўзбекистон фуқароси озод қилинган.
Яна бир Ўзбекистон фуқароси миграция қонунчилиги талабларини бузгани аниқлангани сабабли уни Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юбориш бўйича белгиланган тартибда қарор қабул қилинган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда «Коммунарский» ОМВДда фуқаролардан бири вафот этгани ҳақида тарқалган маълумот ҳам текширилган. Расмий маълумотга кўра, бу хабар ўз тасдиғини топмаган.















