Немис қонунчилари давлатда миграцияни чекловчи таклифни қабул қилди. Ҳужжат мажбурий характерга эга бўлмаса-да, Бундестагдагилар ҳукуматни қаттиқ чегара назоратини ўрнатишга чақирмоқда. Мухолиф ва 23 февралдаги сайловда асосий рақиб партия ХДИ овоз беришда сиёсий анъанани бузиб, ўта ўнгчилар ёрдамини олгани эса қонунчиларни шокда қолдирди.

Энди Германиядаги мигрантларга ҳам осон бўлмайди. Федератив Республика парламенти миграцияни чекловчи, чегарадан туриб бошпана сўраганларга қатъий рад жавобини берувчи таклифни маъқуллади. Гап шундаки, Бундестагдаги ўта ўнгчилар Шолцга мухолиф партия Христиан демократларни қўллаб, миграцияга қарши таклифни маъқуллади. Улар миграция қонун-қоидаларини кучайтириш тарафдори. Христиан демократлар иттифоқи партияси раҳбари, Шолцнинг асосий мухолифатчиси Фридрих Мерс ўта ўнгчилар – Германия учун муқобил партияси ёрдамини қабул қилганини айтди.

Шолц партияси социал демократлар ва уларнинг иттифоқчиси яшиллар эса ушбу таклифга қарши чиқишди. Канцлер бундай қилмасликка чақирмоқда. Таклиф Германиянинг ҳамда Европа иттифоқининг қочқинлар бўйича қонунчилигига тўғри келмайди, дейди Шолц.

Мерс «Яшиллар» ва Шолцни музокарага чақирди

Навбатдаги сайловларда ғолиб бўлиши мумкин бўлган асосий номзодлардан бири Фридрих Мерс ўта ўнгчилар - Германия учун муқобил партияси ёрдамини қабул қилганидан афсусда, чунки нисбатан янги ва популистлар партияси идеологияси ҳозирги немис жамияти учун тўла мос келмайди. Бундестагдагилар ушбу партия аъзоларини ксенофоб ва фитначилар деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам Мерс яшилларни ўзи томонга оғдирмоқчи, уларни музокара ва муросага чақирмоқда. 31 январ куни Бундестагда яна бир марта бу таклиф овозга қўйилади. Шундан олдин Мерс Шолц партияси ва яшилларни қарорини қайта ўйлаб кўришга чақириб, бирга музокара ўтказишни таклиф қилди.

Германия сиёсий майдонида анъана бузилди

Канцлер Шолцнинг социал-демократик партияси консерваторларни охирги таклифни қабул қилишдаги юзсизлиги учун танқид қилди, миграция масаласида ўта ўнгчилар билан бир томонда тургани учун партиянинг бу қарорини жиддий қоралади. Овоз бериш чоғида социал-демократик партия раҳбари ҳайратда эканини айтиб, мажлисни тўхтатишни сўради. Германия сиёсий майдонида ҳозир бор партиялар ўта ўнгчилар билан ишламай, уларни коалицияга ҳам қўшмай, ўзига хос хавфсизлик деворини пайдо қилишганди. Мерснинг партияси эса ана шу анъанани бузди ва афсусда эканини ҳам маълум қилди.