Жаҳон | 14:03 / 04.02.2025
2122
2 дақиқада ўқилади

Россиядан Украинага яна 12 нафар бола қайтиб келди

Аввалроқ Россияга депортация қилинган яна 12 нафар бола Украинага қайтиб келди. 18 500 дан ортиқ бола сургунда қолмоқда. Вояга етмаганларнинг депортацияси Ҳаага суди томонидан Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер бериш учун асос бўлди.

Фото: Telegram / ermaka2022

Россияга депортация қилинган яна 12 нафар украиналик бола ватанига қайтди. Бу ҳақда 3 феврал, душанба куни Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Telegramʼдаги каналида маълум қилди.

«Қутқарилганлар орасида чидаб бўлмас синовларни бошидан кечирган болалар ҳам бор: оккупацион тиббиётнинг бепарволиги туфайли онасидан айрилган 16 ёшли қиз, Россия армиясига чақирув қоғози берилган 17 ёшли ўсмир, «таълим лагерларида» руслаштиришга уринишга учраган болалар, шунингдек, Россия фуқаролигини олишдан бош тортгани учун отасидан тортиб олинмоқчи бўлган 8 ёшли қизалоқ», — деб ёзади Ермак.

Худди шу маълумотлар душанба куни Украинанинг Bring Kids Back UA онлайн-платформаси ва Save Ukraine лойиҳасининг каналларида эълон қилинди.

Украиналик болаларнинг Россияга ноқонуний депортацияси

Bring Kids Back ташкилотига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери Украинадан жами 19 546 нафар бола ноқонуний олиб кетилган. Улардан 1037 нафари ўз ватанига муваффақиятли қайтарилди.

Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларнинг Россияга депортацияси Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Владимир Путин ва Россия болалар омбудсмвни Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер бериши учун асос бўлди. Кремл айбловларни рад этиб, болалар хавфсиз ҳудудларга олиб кетилганини айтади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид