DW хабарига кўра, SpaceX молиявий натижаларини 20 октябр куни эълон қилган. Ўтган йилнинг учинчи чорагида компания тушуми 5,6 миллиард долларни ташкил этган эди.

Натижалар таҳлилчилар кутганидан юқори бўлган. Улар тушумни 12,72 миллиард доллар, соф фойдани эса тахминан 2 миллиард доллар деб прогноз қилганди. Ҳисоботдан сўнг компания акциялари асосий савдо сессиясидан ташқари савдоларда қарийб 4 фоизга қимматлашган.

Ўсишга СИ ва Starlink ҳисса қўшди

Reuters қайд этишича, Starlink спутник тармоғи ва бошқа алоқа лойиҳалари SpaceX’нинг асосий молиявий таянчларидан бирига айланган. Бу бизнес Маскнинг сунъий интеллект соҳасидаги режаларини молиялаштиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Компаниянинг СИ йўналишидаги тушуми тўққиз баробардан зиёд ўсиб, 7,6 миллиард долларга етган. Бироқ ўсишнинг асосий қисми булутли ҳисоблаш қувватларини ижарага бериш ҳисобига тўғри келган. Компаниянинг ўз ИИ маҳсулотлари, жумладан, Grok чат-боти эса рақобатчилар фонида ҳали етакчи ўринга чиқмаган.

СИ йўналиши катта маблағ ҳам талаб қилмоқда. SpaceX’нинг жами 19,6 миллиард долларлик капитал харажатларидан 16,4 миллиард доллари айнан шу соҳага сарфланган.

Умумий капитал харажатлар ўтган йилги кўрсаткичдан қарийб уч баробар кўп. Компания яқин истиқболда ҳам харажатлар шу даражада сақланишини кутмоқда.

Маск болаларга акция беришни ваъда қилди

19 октябр куни Маск X ижтимоий тармоғида 2027 йилда АҚШдаги ҳар бир болага биттадан SpaceX акциясини совға қилишини ёзган. У буни келгусидаги бир нечта шундай тақсимотнинг биринчиси деб атаган, аммо ташаббус қандай амалга оширилишини тушунтирмаган.

Хабарда келтирилган ҳисоб-китобга кўра, компаниянинг ўша пайтдаги баҳосидан келиб чиқилса, бундай совғанинг умумий қиймати тахминан 10,7 миллиард доллар бўлиши мумкин.

Маск бу баёнотни Anthropic компанияси акцияларининг камида 5 фоизини «Жамоат манфаати жамғармаси»га йўналтириш ниятини эълон қилганидан бир кун ўтиб берган. Сўнгги баҳолаш бўйича тахминан 48 миллиард долларга тенг бу улушдан нотижорат ташкилотларига хайриялар ёки аҳолининг айрим гуруҳларига тўғридан тўғри тўловлар учун фойдаланилиши мумкин.