Озарбойжон мамлакат пойтахти Бокуда жойлашган «Рус уйи» («Русский дом») ёпилишини эълон қилди. Бир неча кун аввал бу ташкилот муассиси ҳисобланган Россотрудничество бу ҳақда хабардор қилганди. 10 феврал куни Бокудаги «Русский дом» биносини бузиш бошланди. Озарбойжон ҳолатни расман ташкилотнинг рўйхатдан ўтишдаги муаммоси билан боғлаган, лекин гап бошқа нарсада экани аниқ...
Оқтовдаги авиаҳалокатдан кейин
25 декабр куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида Озарбойжон ҳаво йўлларига тегишли Embraer 190 самолёти қулаб тушгани эсингизда бўлса керак. Бокудан Россиянинг Грозний шаҳрига қараб учган самолёт кутилмаганда бутун бошли Каспий денгизини учиб ўтиб Қозоғистонга қўнишга қарор қилгани маълум бўлгандаёқ жиддий нимадир содир бўлганини тахмин қилиш мумкин эди. Кейинроқ учоқ Қозоғистон осмонида кескин пастлаб, ғалати манёврларни амалга оширгани ва қулаб тушиб портлагани акс этган машъум видеолар тарқалди. Ҳалокатдан кўп ўтмай самолёт фюзелажида ўқ излари акс этган видеолар пайдо бўлди ва ўша ондаёқ ҳаммаси аниқ эди – самолёт ердан туриб ўққа тутилган.
Бир неча соат ўтиб Embraer 190 Грозний осмонида Россия ҳарбийлари томонидан ўққа тутилгани маълум бўлди. Бироқ Россия томони ҳамон буни тан олгани йўқ. Россия ҳалокат ҳақида фақат бир марта расмий маълумот берди ва унда айтилишича, самолёт ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашув, шунингдек, кислород баллони портлаши сабаб бўлган.
Ҳалокатдан бир неча кун ўтиб Озарбойжон президенти Илҳом Aлиев маҳаллий телеканалларга интервю бериб, самолёт руслар томонидан уриб туширилгани, бироқ Москва буни тан олиш ўрнига қушлар ва кислород баллони ҳақида уйдирмаларни илгари сураётганини жаҳл билан гапирди. Ўша интервю куни Владимир Путин Илҳом Aлиев билан телефон суҳбати чоғида бўлиб ўтган воқеа учун узр сўради. Бироқ Путин Россия самолётни уриб туширгани учун эмас, Кремл хабарига кўра, шунчаки «ҳодиса Россия осмонида содир бўлгани учун» кечирим сўраган.
Aлиев кейинчалик ҳам Россия айбини тан олиши кераклиги ҳақида бир неча марта гапирди. Хусусан, ҳалокатда қурбон бўлган озарбойжонликлар оила аъзолари билан учрашув вақтида самолёт руслар томонидан уриб туширилгани кундай равшан эканини таъкидлади. Хуллас, ўша ҳалокатдан кейин Москва ва Боку ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди.
«Пишиб келган» совуқлик
Шу ўринда Россия – Озарбойжон муносабатлари ҳақида икки оғиз. Биринчи Қорабоғ урушида Aрманистон Россия ёрдами билан Қорабоғни Озарбойжондан тортиб олганини билсангиз керак. Шу жиҳатдан олинса, Озарбойжон Россияга нисбатан қандай муносабатда эканини тушуниш мумкин. Лекин Россия қанчалик кучли давлат экани инобатга олинса, Боку табиийки, Москва билан сен-менга бора олмасди.














