МАНЧЕСТЕР СИТИ – НЮКАСЛ (15 феврал, 20:00)

Кеча «Челси» Брайтонда ютқазгач, кучли тўртлик учун даъвогарларда янги имконият пайдо бўлди, дейиш мумкин. Айни пайтда 41 тадан очко тўплаб, 4-5 ўринларни эгаллаб турган бу икки рақибнинг ғолиб бўлгани турни 4-ўринда якунлаши аниқ. Дуранг эса «Борнмут»ни кучли тўртликка кўтариб юбориши мумкин.

«Манчестер Сити» айниқса, «Реал»га қарши омадсиз ўйиндан кейин вазиятни ўнглашга уриниши табиий. Йил бошидаги ғалабалардан сўнг «Манчестер Сити» ниҳоят инқироздан чиқиб кетгандек туюлган бўлса-да, бу кўпроқ осонроқ тақвим туфайли бўлса керак, зеро ҳозирча кучлироқ рақибларга қарши ўйинларда эски муаммолар кўзга ташланяпти. Ҳам «Арсенал», ҳам «Реал»га қарши ўйинда имконият бор берилди, олдинда эса «Нюкасл»дан ташқари, «Реал» билан жавоб ўйини, шунингдек, яна кейинги уч кун ичида «Ливерпул» ва «Тоттенҳэм»га қарши учрашувлар кутиб турибди.

Меҳмонларнинг имкониятини оширувчи яна бир жиҳат шундаки, «Нюкасл» ушбу мавсумда умуман еврокубокларда қатнашмаяпти, демак ўйинларга тайёргарлик учун кўпроқ вақтга эга бўлмоқдаки, бу Эдди Ҳау услуби учун жуда аҳамиятли фактор. «Манчестер Сити» эса юқорида айтилганидек, уч кун олдин «Реал»га қарши қийин ўйинда иштирок этди. Ўйин футболчиларнинг жисмоний кучини олиш билан биргаликда, Грилиш, Аканжи каби футболчилар жароҳат туфайли майдонни эрта тарк этишди ва «Реал»га қарши ўйинни ҳам ўтказиб юборадиган бўлишди.

Дарвоқе, Аканжининг жароҳати ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановнинг асосий таркиб учун имкониятини ошириши мумкин. Жамоада ҳаммаси бўлиб тўрт нафар ҳимоячи бор холос ва Пеп Гвардиола келаси ҳафтадаги Чемпионлар Лигасини ўйлашга мажбур. Шу жиҳатдан Аканжи «Реал»га қарши ўйнаган ўнг қанотда Ҳусановни синаб кўриш эҳтимоли ҳам бор. Зеро Ҳусанов «Ланс»да бу позицияда ҳам ўзини кўрсата олган. Шунингдек. Нуньезни ўнг қанотга қўйган ҳолда уч марказий ҳимоячили вариант ҳам синаб кўрилиши мумкин – у ҳолда Ҳусановда ўнг марказий ҳимоячи сифатида катта тажриба бор.

«Нюкасл»га келсак, Эдди Ҳау таркибида энг катта йўқотиш Жоалинтоннинг майдонга туша олмаслигидир. Майдон марказида ўз ўрнига эга бўлган футболчи камида яна бир ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, «Нюкасл»нинг ушбу мавсумда ўз майдонидан кўра сафарда яхшироқ натижа қайд этаётганини ҳам таъкидлаш керак. Жамоа сафардаги натижалари бўйича фақат кучли учликдан ёмонроқ натижа кўрсатган холос. Қизиғи, «Сити» уй ўйинларида яхшироқ – Пеп шогирдлари бу борада фақат ўша учликдан орқада бормоқда.

Биринчи даврадаги ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилган. Аммо «Этиҳад»даги ўйинларда меҳмонларнинг аҳволи жуда чатоқ – АПЛ учрашувларида «Нюкасл» охирги марта Манчестернинг кўк тарафида 25 йил аввал ғалаба қозонган. «Сити» шайхлар қўлига ўтмасидан олдин ўртамиёна жамоа эканини инобатга олсак, жуда қизиқ. Дуранг эса 2006 йилда қайд этилган. Охирги 16 уй учрашувида «Манчестер Сити» фақат ғалаба қозониб келяпти, сўнгги 6 ўйинда эса меҳмонлар бирорта гол ҳам ура олишгани йўқ.