Украинадаги уруш бошланганидан буён илк бор Россия ва АҚШ делегациялари ўртасида музокаралар ўтказилди. Томонлар 18 феврал куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда, қироллик оиласининг Албасатин мажмуасидаги саройларидан бири – Дирияда учрашишди. Унда Украина ва Европа давлатлари вакиллари иштирок этмади.
Музокараларда Россия номидан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, шунингдек, Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ) раҳбари Кирилл Дмитриев иштирок этди. Россия делегацияси таркибига Ташқи ишлар вазирлигининг Умумевропа ҳамкорлиги департаменти директори ўринбосари Дмитрий Балакин ва Россиянинг Канададаги элчихонаси маслаҳатчи-вакили Владимир Проскуряков ҳам кирди, деб ёзади «Система». Учрашувда АҚШ номидан давлат котиби Марко Рубио, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ҳамда президентнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этди.
Музокаралар тўрт ярим соатга яқин давом этган. ТАСС хабарига кўра, учрашув мобайнида икки бор танаффус қилинган, биринчи ҳолатда томонлар 15 дақиқалик пауза олишган, иккинчисида — ланч қилиб олишган.
Россия ва АҚШ делегациялари «барча масалалар бўйича жуда жиддий суҳбат ўтказди», деди Юрий Ушаков. У музокаралар «яхши» кечганини қайд этган. «Биз бир-биримизнинг манфаатларимизни ҳисобга олиш, шу билан бирга икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга келишиб олдик. Бундан Москва ҳам, Вашингтон ҳам манфаатдор», — дея қўшимча қилди Россия президенти ёрдамчиси.
Ушаковнинг қайд этишича, томонлар Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Доналд Трамп учрашувига тайёргарликни муҳокама қилган, бироқ бу учрашув «кейинги ҳафтадаёқ ўтказилиши даргумон». Россия ва АҚШ музокарачиларининг алоҳида гуруҳлари Украина бўйича алоқага киришади. Ким Россиядан музокарачилар сафига кириши ва Украина бўйича алоқалар қачон бошланишини Путин ҳал қилади, деди Ушаков.
РФПИ раҳбари Кирилл Дмитриев музокаралар якунида «муроса ҳақида гапиришга ҳали эрталиги, томонлар эндигина бир-бирини тинглашни бошлагани»ни айтди, унинг сўзларига кўра, Россия ва АҚШ вакиллари «ҳурмат билан» ва «тенг ҳуқуқли» мулоқот қилган, деб ёзади Reuters.
Россия ва АҚШ музокаралар чоғида «муаммоли масалаларнинг бутун комплекси»ни муҳокама қилди, деди Россия ТИВ вакили Мария Захарова. Кирилл Дмитриев музокаралар бошланишидан олдин ҳам Россия АҚШга савдо-иқтисодий соҳада бир қатор таклифлар юборганини маълум қилганди.
















