Kun.uz Тошкентдаги Gold terapi клиникаси ва унинг асосчиси Хайрулла Қосимовнинг фаолиятидан норози мурожаатларни эълон қилган эди. Унда мурожаатчилар хонанда Самандар Ҳамроқулов иштирокидаги роликларни ва Chotki tv каналидаги рекламани кўриб муолажага катта миқдорда пул тўлашганини ва жараёнда уларга психотроп ичимлик ичирилганини иддао қилишди. Шундан кейин таҳририятга мурожаатлар оқими янада кўпайди.

Ўзбекистон аҳлидан, “мен Самандарни кўриб бордим” деганларнинг ҳаммасидан узр сўрайман

Хусусан ўша кўрсатувда тилга олинган хонанда Самандар Ҳамроқулов изоҳ беришини маълум қилди.

Хонанданинг айтишича, у ҳам шу ичимлик таъсирида бўлган, аммо кўрсатувни кўргунга қадар бу ҳақида ўзи ҳам билмаган. Танишларнинг тавсияси билан хотиранинг пасайиши, узлуксиз чарчоқ, уйқусизлик сабабли “профессор” қабулига борган ва унинг таъсирига тушиб қолган:

“Kun.uz’даги суҳбатни кўрганимда бири 16 минг, бири 15 минг доллар деганларни кўрдим. Айниқса паркинсон ташхисли йигитнинг “менинг охирги умидимни пул қилди Хайрулла Қосимов” дегани менга ёмон таъсир қилди. Шунинг учун келдим мен бу ергаки, одамлар ҳақиқатни билсин. Мен энди тушуняпман, мен билан подкаст учун келган, “даволандим, тузалдим” деганларнинг ҳаммаси актёр экан. Кўрсатувни кўрганимдан кейин чидаб туролмадим, ёмон виждон азобида қолдим. Мен игна билан қудуқ қазиётган одамман.

Ҳар қандай ялтираган нарса тилла бўлавермас экан. Оз вақтда катта резултат ваъда қиляптими – ҳар доим шубҳа билан қаранг. Менга ўхшаб ёмон ҳолатга тушиб қолманг. Ўзбекистон аҳлидан, “мен Самандарни кўриб бордим” деганларнинг ҳаммасидан узр сўрайман”.

Хайрулла Қосимовнинг қабулида унга катта миқдорда – 60000 доллар пул тутқазади ва шунақа кўп пул топишини ваъда қилади. Муолажасига ҳозир тўласа 20 млн тўлашини, агар кейинроқ ёки бўлиб тўласа 90 млн бўлишини айтган.

“Суҳбат пайтида менга термосдан дамлама қуйиб берди. Ўтдан бўлган дамлама. “Шуни ичинг, бу ичингиздаги программаларни тозалайди”, деди. Суҳбат давомида амин бўлдимки, у мени тузата олади. Чунки ҳеч иккиланмасдан, ишонч билан гапиряпти.

15 ёки 16 млн чиқди бор пулимиз, шуни тўладим. “Бу кам, аслида бунақа пулга даволамайман. Лекин сизга битта хизмат бор, сизни даволайман шу пулга. Фақат ўзгариш бўлгандан кейин сиз битта интервю берасиз, унда яхши бўлганингизни айтасиз”, деди. Рози бўлдим”.