Буюк Британия бош вазири Кир Стармер жаҳон сиёсатида сўнгги пайтлардаги ўзгаришларга муносабат билдириб, сешанба куни мамлакатнинг ҳарбий харажатлари келгуси икки йил ичида ялпи ички маҳсулотнинг 2,6 фоизигача оширилишини эълон қилди. BBC дипломатик шарҳловчисининг таъкидлашича, кўпчилик ҳозирги вазиятда ҳарбий харажатларни ЯИМнинг атиги 0,3 фоизига ошириш жуда қатъиятсиз қадам деб ҳисоблайди.

Жамоалар палатасида нутқ сўзлаган Кир Стармер Британиянинг ҳарбий харажатлари 2027 йилга бориб йилига 13,4 миллиард фунтга ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,6 фоизигача ўсишини эълон қилди — бунда махсус хизматларнинг ҳарбий харажатлари ҳам ҳисобга олинади.

Ўтган йили Британия қуролли кучларга 53,9 млрд фунт (75 млрд доллар) сарфлаган.

Шу билан бирга, Стармер ҳукумати хориждаги гуманитар ёрдам харажатларини қисқартиради ва бу пулларни армия ва флотга йўналтиради.

Яқин-яқингача Кир Стармер ва унинг ҳукумати кейинги парламент сайловларигача, яъни 2029 йилгача ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 2,5 фоизигача оширишга ваъда бераётганди. Аммо сўнгги ҳафталарда жаҳон сиёсатидаги шиддатли воқеалар, биринчи навбатда, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина мавзусидаги баёнотлари Стармерни режаларини ўзгартиришга мажбур қилди.

Чоршанба куни Британия бош вазири Вашингтонга учади. Унинг янги режалари Доналд Трампда таассурот қолдирадими ёки йўқми, буниси номаълум: Трамп яқинда НАТОнинг Европадаги аъзолари мудофаага ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизидан кўпроқ маблағ сарфлаши кераклигини айтганди.

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Стармернинг қарорини маъқуллаб, уни «ишончли ҳамкорнинг кучли қадами» деб атади.

Ҳозирча НАТОда 2 фоизлик меъёр ўз кучида қолмоқда, аммо алянс бош котиби ҳам, баъзи Шарқий Европа давлатлари раҳбарлари ҳам Россияни тийиб туриш учун камида 3 фоиз сарфлаш кераклигини айтишмоқда.

Кир Стармер сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида НАТОнинг Европадаги барча аъзоларини ҳарбий харажатларни оширишга чақирди ва Британия кейинги сайловлардан кейин уларни ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизигача оширишга ваъда берди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, ҳарбий маблағлар режасини сайловолди ваъдаларига нисбатан ялпи ички маҳсулотнинг 0,1 фоизига оширишга уни кириб келган «хавфли давр»да мамлакат дуч келган «жиддий таҳдидлар» мажбур қилган.