Сайёрамизда 100 йил ва ундан ортиқ умр кўрувчи одамлар сони бошқа ҳудудларга нисбатан анча юқори бўлган 5 та жой мавжуд. Мутахассислар бундай жойларни “Мовий ҳудудлар” деб атайди. Улар қаторига Окинава (Япония), Икария (Греция) ва Сардиния (Италия) ороллари, Никоя яримороли (Коста-Рика), шунингдек, Лома-Линда шаҳри (АҚШ) киради. Олимларнинг фикрича, узоқ умр кўришнинг сири ҳаёт тарзида, жумладан, овқатланиш рационида яширинган. Шу муносабат билан тадқиқотчилар узоқ умр кўрувчиларнинг дастурхонида энг кўп учрайдиган 10 та озиқ-овқат маҳсулотини аниқлади.

1. Дуккаклилар

Узоқ умр кўрувчилар ловия, ясмиқ ва нўхатни ёқтиради ҳамда уларни тез-тез истеъмол қилади. Дуккакли экинлар оқсил, толалар, витаминлар ва минералларга бой бўлиб, шу билан бирга гликемик индекси паст ҳисобланади. Бу дуккакли таомлардан сўнг қондаги қанд миқдори барқарор туради. Бу нафақат диабетнинг олдини олиш, балки узоқ вақт тўқликни сақлаб қолиш учун ҳам муҳим. Бундан ташқари, дуккакли маҳсулотлар организмни яллиғланишдан ҳимоя қилувчи ва қариш жараёнларини секинлаштирувчи кўплаб антиоксидантларга бой.

2. Баргли кўкатлар

Исмалоқ, рукола, салат, манголд, ҳатто укроп ва петрушка — витаминлар ва бошқа биологик фаол моддаларнинг ҳақиқий хазинасидир. Улар лютеин, фолат кислотаси ва бета-каротин каби моддаларни ўз ичига олади, шунингдек, озиқ-овқат толалари манбалари ҳисобланади. Кўкатлар овқат ҳазм қилишни яхшилайди, иммунитетни кучайтиради, юрак фаолиятини меъёрлаштиради ва миянинг қариш жараёнини секинлаштиради. Кўкатларни мунтазам истеъмол қилиш когнитив қобилиятларни яхшилаши ва деменция хавфини камайтиришига алоқадор экани илмий жиҳатдан тасдиқланган.

3. Ёнғоқлар ва уруғлар

Ёнғоқ, бодом, писта, шунингдек, зиғир ва чиа уруғлари таркибида фойдали ёғлар, жумладан омега, оқсил, клетчатка, витаминлар ва минераллар мавжуд. Ёнғоқларни мунтазам истеъмол қилиш холестерин ва қон босимини пасайтиришга ёрдам беради, бу эса диабет ва юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфини камайтиради.

4. Бутун донли маҳсулотлар

Бутун донли ундан тайёрланган нон, киноа ва жигарранг гуруч узоқ вақт тўқлик ҳиссини таъминлайдиган мураккаб углеводлар манбаидир. Бутун донли маҳсулотлар таркибидаги толалар овқат ҳазм қилишга, қондаги қанд миқдорини меъёрлаштириш ва холестерин даражасини пасайтиришга ёрдам беради.