Яқинда ҳам Сирдарё, ҳам Қашқадарёда ўқитувчи калтаклангани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқаб, жамоатчиликнинг кескин танқидларига сабаб бўлди. Муаллимлар қанчалик улуғланмасин, реал ҳаётда зўравонликдан тўлиқ қутулолгани йўқ. Афсуски, ўқитувчини қадрлашнинг юридик асослари мўрт ва уларни дўппослаганлар енгил жазолар билан қутулмоқда. Хўш, мактабларга эркин кириб чиқиш қанчалик тўғри ва бу мактабларда ўқитувчилар ўзини хавфсиз ҳис қиладими?
Жамиятимизда ўқитувчиларнинг ўрни қаерда?
Саноқли кунлар аввал Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги мактабда ўқувчининг онаси ўқитувчини бутун синф олдида жиддий калтаклагани акс этган видео тарқалар экан, жамоатчилик бундан ғазабланди. Кейинчалик бу аёл ақли заифлиги сабаб руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилгани хабар қилинди. Қашқадарёдаги мактабда эса ўқувчининг ўзи устозини калтаклаган. Умуман олганда, охирги йилларда ўнлаб ўқитувчилар зўравонликдан азият чекканига гувоҳ бўлдик. Ўқувчи, уларнинг ота-онаси, қариндоши, директор, мактаб қоровулидан тортиб директор ўринбосаригача ўқитувчини дўппослаган ҳолатлар кузатилмоқда. Бироқ бундай муносабатга жавобгарлик, афсуски, юмшоқлигича қоляпти.
Kun.uz суҳбатлашган эксперт ва соҳа мутахассисларига кўра, ростдан ҳам ўқитувчига кўтарилган қўлни оқлаб бўлмайди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими Сардор Раҳимбоев фикрича, мактабга кириш бугун қийин иш эмас, айниқса чекка ҳудудларда. Бундан ташқари, қишлоқ жойларида ҳамма бир-бировини танигани боис мактабларга киришда текширув ҳам йўқ.
“Ўқитувчига туширилган мушт – таълим тизимига туширилган мушт. Аёл кимнингдир онаси, синглиси ёки қизи. Педагогларнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиш мумкин эмаслиги белгиланган. Давлатимизда нафақат ўқитувчи, балки ҳеч кимга мушт туширишга рухсат берилмаган. Масала – жазони беришда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқитувчига қўл кўтаришни қабул қилиб бўлмайди” – Сардор Раҳимбоев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими
Таълим бўйича эксперт Шокир Турсунга кўра, ўқитувчиларнинг обрўйи жамиятимизда пастлигича қолмоқда. Аввало, ўртача иш ҳақида кам маош олиши ҳамда узоқ йиллар давомида устозга нисбатан ҳурматсизлик, мажбурий меҳнат шароитлари бу касб эгаларининг қадрини тушириб юборган.
“Ўқитувчилар жамиятнинг энг олди вакили бўлиши, ҳамма уларни ҳурмат қилиши керак. Социологияда авторитетлар яратилади, касблар орқали танланади, ҳукумат эса унга сигналлар беради. Ўзбекистонда биз ўқитувчини авторитетга олиб чиқолмадик, сабаби улар ҳали ҳам ўртача ойликдан кам маош олади. Асосий муаммомиз – ўқитувчининг жамиятдаги ўрнини шакллантира олмадик”





