Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 646-сон қарори билан тасдиқланган таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга таълим бериш учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Янги тартибга кўра, вакант соатлар бўйича бир ўринга икки ёки ундан ортиқ номзод бўлган тақдирда, ўқитувчилар касбий билим ва кўникмалари, педагогик маҳорати ҳамда психологик қобилияти бўйича суҳбатдан ўтказилади.
Суҳбат 100 баллик тизим асосида ташкил этилади. Бунда номзоднинг касбий билим ва кўникмалари учун 40 балл, педагогик маҳорати учун 30 балл ва психологик қобилияти учун 30 балл берилади.
Ҳар бир номзод ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мустақил баҳоланади. Якуний натижа эса гуруҳ аъзолари қўйган балларнинг ўртача арифметик қиймати асосида ҳисобланади.
Суҳбат якунларига кўра, энг юқори балл тўплаган номзод тегишли вакант соат учун ўқитувчи сифатида танлаб олинади.
Агар икки ёки ундан ортиқ номзод бир хил балл тўпласа, уларнинг амалдаги малака тоифаси даражаси, педагогик иш стажи, шунингдек, тегишли миллий ёки халқаро сертификати мавжудлиги ва унинг даражаси инобатга олинади.
Шунингдек, педагогларни саралаш жараёнини онлайн шаклда ўтказишга ҳам рухсат берилди.



