Президент Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон-Покистон бизнес форумида иштирок этди.

Тадбирда икки мамлакат етакчи компанияларининг 300 нафарга яқин раҳбарлари ва вакиллари қатнашди. Покистон томонидан "Al-Rafique Enterprises," "Mehran Dates Products", "Brighto Chemicals", "Transfopower Industries", "FWO", "T.M.C", "Pakistan Mobile", "TCS" ва бошқа кўплаб компаниялар қатнашди.

Давлат раҳбари ўз нутқида бугун бўлиб ўтган самарали музокараларда кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилингани, катта режа ва вазифалар белгилаб олинганини таъкидлади. Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузишга келишилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг «локомотиви» сифатида белгиланди.

- Улкан салоҳиятга эга бўлган иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиришга қодир, - деди Мирзиёев.

Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошди, 130 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шеригига айланди.

Сўнгги йилларда бизнес учун қулай шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Лаҳор билан авиақатновлар тикланди, рейслар сонини кўпайтириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш режалаштирилган. Бизнес форумлари, саноат кўргазмалари ўтказилмоқда. Карочи ва Тошкент шаҳарларида савдо уйлари ташкил этилган.

Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлиги янги лойиҳалар билан бойимоқда. "Pak Merit", "Diamond Group", "Silk-way", "Getz Pharm", "Gerbion", "NLS" ва бошқа компаниялар билан лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди. Аввало, йилига камида икки марта – Ўзбекистон ва Покистонда бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда ишбилармонлик тадбирларини мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги таъкидланди.

Географик яқинликни ҳисобга олиб, товар айирбошлаш ҳажмини кескин ошириш, шу жумладан амалдаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш, фитосанитария, карантин ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Электрон савдо платформаларини интеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилади.