Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг барча йўналишлари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбарлари кейинги йилларда кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Фаол сиёсий мулоқотлар, самарали парламентлараро ва идоралараро алмашинувлар давом этмоқда.
2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошди, қўшма корхоналар сони 130 тага етди. Карачи ва Тошкентда савдо уйлари очилди. Тошкент ва Лаҳор ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланди.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форумлари ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси муваффақиятли ўтказилди.
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул қилинган «йўл харитаси» асосида товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария ва карантин талабларини, божхона тартиб-таомилларини ўзаро соддалаштириш, стандартларни яқинлаштириш, электрон савдо платформаларини интеграция қилиш, харидларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш ва бошқалар устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Етакчи компанияларнинг фармацевтика, электротехника, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, геология ва минерал ресурслар, тўқимачилик, чарм саноати ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш режалари кўриб чиқилди.
Ҳудудлар ўртасидаги ишбилармонлик ва маданий алоқаларни рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудлари форумини ўтказишни таклиф этди.





















