Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ кони яқин атрофда яшаётганларнинг соғлиғига хавф солмоқда. Ҳудудда яшовчи инсонларнинг айтишича, болалар орасида аллергик касалликларга чалиниш ҳолатлари ошган. Айримлар вилоятнинг бошқа туманларига кўчиб кетган, бошқалар эса ҳар эҳтимолга қарши ўзлари учун жой ҳозирлаб қўйган.
Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида вазият ҳали ҳам барқарор эмас. Буни 18 январда кондан олинган видеотасвирлар ҳам кўрсатган эди. Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида газ конида бўлди.
Йирик қудуқ атрофида катта-кичик ўнлаб тирқишлар пайдо бўлган ва улар ёниб турибди. Уларга яқинлашганда, газ кучли босим билан ёнаётганини кўриш, кон ҳудуди бўйлаб юрганда эса бадбўй ҳидни сезиш мумкин.
Кофрун қишлоғи одамлари масъулларнинг вазиятга бефарқлигидан хавотирда. Шу ерда яшовчи фуқарога кўра, ИИО ходимлари ОАВ ва блогерларга интервю бераётганларга турли босимлар ўтказяпти. Бу айрим блогерларнинг юзни кўрсатмаслик ваъдасини бузгани ортидан келиб чиқмоқда. Шу сабабми, баъзилар интервю беришни истамади.
“Бир блогер келган эди, чиқарамиз-чиқарамиз деганди, униям чиқармади. Кейин бир келинчакни сиқувга олди, оиламни сиқувга олди. Хотиним вазиятни гапириб берди. Кейин уни ИИБ ходимлари чақирди. Сўнгра у шифохонага тушиб қолди. Шундан бери гапиришдан қўрқаман. Газ ҳолати бор, эрталаб, кечқурун келиб туради, ердан чиқаётгани хавфли экан”, дейди Кофрун қишлоғида яшовчи фуқаролардан бири.
Ободонлаштириш бошқармаси ходимининг айтишича, одатда газ ҳиди шамол кўтарилган пайти келиб туради.
“Олдин газ ҳидидан безовта бўлардик, ҳозир ўрганиб ҳам қолдик. Бир хил овқатни еяверсангиз, бошида қийналасиз, кейин ўрганиб кетасиз-ку, буям худди шундай. Лекин барибир зарари бўлса керак. Маҳаллага борсак, яхши бўлади дейди, ўт ўчоқларига яқинлашиб, вазият ҳақида сўрасангиз шу ердаги назоратчилар нима ишинг бор, кет бу ердан, деб қайтариб юборади”, дейди у.
Ўрганиш давомида бир неча фуқаролар ўт ўчоқлари, газ ҳиди ўзларига салбий таъсир қилмаётганини айтди. Бошқа кишилар эса аксинча кўп ҳолларда болалар аллергик касалликларга чалинаётгани ҳақида гапирди.














