2025 йил март ойида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) раҳбарияти ўзининг асосий турнири бўлмиш Жаҳон Кубогида навбатдаги ислоҳотларни эълон қилди. Биринчидан, 2026 йилда Жаҳон Кубоги финал ўйини формати катта эҳтимол билан Супербоул каби бўлади, танаффус пайтида дунёга машҳур юлдузлар чиқиш қилади. Иккинчидан, ФИФА президенти Жанни Инфантино Жаҳон Кубоги иштирокчилари рўйхатини 64 та жамоага кенгайтириш режасини маълум қилди. Forbes Sport бу ташаббуслар ва улар нима учун кескин танқидларга учрагани ҳақида маълумот берди.

Иштирокчилар рўйхати 48 та жамоага кенгайтирилгани сабабли (ушбу форматдаги биринчи турнир 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади), ҳозир Жаҳон Кубогини мустақил равишда ўтказишга қодир бўлган давлатлар деярли қолмади: зарур молиявий инвестициялар миқдори жуда катта. Кейинги учта турнирдан фақат 2034 йилги Жаҳон Кубоги бир мамлакатга тўғри келади - унга Саудия Арабистони мезбонлик қилади. Бу мамлакат ўз имижини яхшилаш учун миллиардлаб маблағ сарфлашга тайёр.

Аммо 2030 йилда бундай саховатли ташкилотчи бўлмайди ва турнир ФИФАнинг баҳсли ислоҳотлари рамзига айланади: чемпионат бирданига учта қитъанинг етти давлатида – Чили, Аргентина, Парагвай, Уругвай, Марокаш, Португалия ва Испанияда ўтказилади.

Бироқ, энди турнирлар янада «оғирлашиши» эҳтимоли бор. Март ойи бошида ФИФА Жаҳон Кубогини 64 та жамоага кенгайтириш имкониятини кўриб чиқиши мумкинлигини эълон қилди. Бу таклиф билан ФИФА кенгаши йиғилишида Уругвай футбол федерацияси президенти Игнасио Алонсо чиқди. У Жаҳон Кубогининг юз йиллиги шарафига иштирокчилар сонини оширишни таклиф қилмоқда.

ФИФА президенти Жанни Инфантино бу ғояни «таҳлилга лойиқ» деб атади. Бироқ ФИФА кенгашининг бошқа аъзоларида унчалик иштиёқ йўқ, манбалар уругвайликларнинг таклифи «сукут» билан қарши олинганини хабар қилди.

Аммо, ҳамма нарса ҳали ҳам ўзгариши мумкин. Қарор қабул қилишда ФИФА раҳбарияти фақат сиёсий ва молиявий манфаатларга амал қилади. Жаҳон Кубогининг аввалги 48 та жамоага кенгайиши нафақат трансляциялар сони ва реклама даромадларини ошириш истаги, балки ФИФА раҳбариятининг минтақавий ассоциациялардан энг бойи ва нуфузлиси – Европа УЕФА раҳбарияти билан курашда ўз таъсирини кучайтириш истаги билан изоҳланган эди.

Ўзининг асосий турнири бўлмиш Чемпионлар Лигаси туфайли Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) футболдаги етакчи ташкилотдан бир неча баробар кўп даромад топади. УЕФА ҳар йили Европа мусобақаларидан тахминан 5 миллиард евро олади, шундан 7 фоизи ташкилот ҳисобида қолади. ФИФА ҳам ўз даромадларини кўпайтирмоқчи ва янги ташаббуслар бунга ёрдам бериши керак.